Нетаняҳу доимий равишда Ғазода ҲАМАС ҳукмронлигига барҳам беришни асосий мақсад сифатида кўрсатиб келади. Бироқ айрим мутахассислар буни аниқлаштирилмаган ва зиддиятли сиёсат деб баҳоламоқда. Таҳлилчиларига кўра, агар ҲАМАС ҳақиқатан ҳам йўқ қилинса, Исроил Ғазода ҳокимият вакуумини бошдан кечиради, бу эса янада жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин.
Бу борада Исроилнинг собиқ расмийлари ва хавфсизлик соҳасидаги экспертлар ҳам турлича фикр билдирмоқда. Улардан айримлари ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш амалий жиҳатдан имконсиз ва хавфли эканини айтмоқда. Шундай шароитда Нетаняҳунинг сўзлари кўпроқ ички сиёсий босимдан ҳимоя воситасига ўхшайди, деб ёзади Al-Jazeera.
Мутахассислар Ғазодаги ҳарбий амалиётлар Исроил жамиятида зиддиятли муносабат уйғотганини ҳам қайд этмоқда. Жаҳон ҳамжамияти эса кўп ҳолларда, тинчлик музокараларига қайтишга чақирмоқда. Бироқ Исроил расмийлари уруш йўлини маъқул кўришда давом этмоқда.
Ҳозирча Нетаняҳунинг аниқ стратегик режаси мавжуд эмаслиги ва у урушни чўзиш орқали шахсий сиёсий манфаатларини кўзлаётгани ҳақидаги фикрлар тобора кўпаймоқда. Бу эса Ғазодаги инқирознинг янада чуқурлашиши хавфини туғдиради.