Мазкур лойиҳа Япониядаги Кюсю технология институти билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Жорий йилда 7 нафар ўзбекистонлик талабалар ушбу олийгоҳга магистратурага юборилган. Улар ўқув дастури доирасида сунъий йўлдошни лойиҳалаш, йиғиш ва учиришга тайёрлаш ишларини амалга оширадилар. Таълим 2027 йилда якунланиши, йўлдош эса 2028 йилда учирилиши кутилмоқда.
Иброҳимовнинг таъкидлашича, SpaceX билан музокаралар жадал кечмоқда. Юқори талаб ва чегараланган парвозлар туфайли кўплаб мамлакатлар йиллар олдиндан ўрин банд қилишга мажбур бўлмоқда. Шу боисдан Ўзбекистон учун бу жараённи ҳозирдан бошлаш муҳим саналади.
Аввалроқ, Ўзбекистон ва SpaceX ўртасида миллий космик дастур доирасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилингани ҳақида хабар берилган эди. Лойиҳа мамлакатнинг фан ва техника соҳасидаги янги босқичга чиқишида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.