Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми янги ҳамкорлик эшикларини очди

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкентда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш ва янги лойиҳаларни амалга оширишда муҳим платформага айланди.

Amerika o'zbekiston

9 июн куни Тошкентдаги «CAEx Uzbekistan» халқаро кўргазмалар марказида Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми иш бошлади. Тадбирда икки мамлакат расмийлари, хусусий сектор вакиллари, экспертлар ва халқаро инвесторлар иштирок этмоқда.

Форумда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар ва АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги савдо ва инвестиция муносабатлари фаол ривожланмоқда. Ҳамкорлик доирасида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилган. Шу билан бирга, Америка компаниялари учун мамлакатимиздаги бозорнинг очиқлиги ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш тизими муҳим аҳамият касб этмоқда.

Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм форумдаги чиқишида Ўзбекистондаги қулай инвестиция муҳитини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, бундай тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва янги йўналишларда ҳамкорлик ўрнатиш учун самарали имконият яратади.

Форум доирасида энергетика, агросаноат, IT, соғлиқни сақлаш ва таълим каби муҳим соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Тадбир иштирокчиларига кўра, мазкур форум икки мамлакат ўртасида ишончли ва ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантиришда муҳим қадам ҳисобланади.