Ўзбекистон илк сунъий йўлдошини 2028 йилда учиради
Ўзбекистон 2028 йилгача илк илмий-техник сунъий йўлдошини орбитага чиқаришни режалаштирмоқда. Бу борада «Ўзкосмос» агентлиги SpaceX компанияси билан музокаралар олиб бормоқда.
Лойиҳа Япониянинг Кюшю технология институти билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Жорий йилда 7 нафар ўзбекистонлик талабалар мазкур олийгоҳда магистратурада таълим олмоқда. Улар ўқув дастури доирасида йўлдошни лойиҳалаш ва тайёрлаш ишларида қатнашади. Таълим 2027 йилда якунланади, йўлдош эса 2028 йилда учирилиши кутилмоқда.
SpaceX билан музокаралар жадал кечаётгани қайд этилди. Бугунги кунда кўплаб мамлакатлар юқори талаб ва чегараланган парвозлар туфайли бир неча йил олдиндан навбатга туришга мажбур. Шу сабабли, Ўзбекистон ҳам ушбу жараённи ўз вақтида бошлади.
Аввалроқ, Ўзбекистон ва SpaceX ўртасида миллий космик дастур доирасида ҳам ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган эди. Ушбу ташаббус мамлакатда фан ва технология соҳасида янги босқични бошлаб бериши кутилмоқда.
Хитой цементи маҳаллий бозорни эгаллаяпти
Ўзбекистонда хитой цементи устунлиги ортиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қаттиқ синовга солмоқда. Нархлар арзонлашган бўлса-да, бу кичик ва ўрта корхоналарни таназзулга олиб келмоқда.
2017 йилда имзоланган келишув асосида 2023 йилда Тошкентдаги Conch Cement заводи ишга тушди. У мамлакат ишлаб чиқариш ҳажмининг ярмини таъминлаётган 9та йирик хитой заводидан биридир. Натижада, цемент нархи $70 дан $40 га тушди. Бироқ, бу рақобат маҳаллий корхоналар учун катта хатар яратмоқда.
2024 йил бошида 20 га яқин завод тўхтади, «ДАЛ Текник Зомин Цемент» ёпилди, «Қувасойцемент» эса 14 млрд сўм зарар кўрди. Давлат томонидан демпинг сиёсатига қарши текширувлар бошланди, «Шангфенг — Дўстлик кўприги» 4,9 млрд сўм жаримага тортилди.
Хитой компаниялари тезкор ва арзон қурилиш модели орқали харажатни камайтирмоқда. Маҳаллий заводлар энергия тежаш ва арзон хомашёга ўтиш орқали рақобатга мослашмоқда. Ҳукумат нархни барқарорлаштириш мақсадида солиқ имтиёзлари жорий қилди.
Шу билан бирга, бозор ҳажми эҳтиёждан икки баробар катта экани, хитой экспансияси эса тўхтаётгани йўқ. Демпинг хавфи ҳозирча сақланиб қолмоқда.
Кредит олишни тақиқлаш имкони яратилди
Ўзбекистон фуқаролари 2025 йил 6 июндан ўз номларига кредит расмийлаштирилишини ихтиёрий равишда тақиқлаш ҳуқуқига эга бўлишди. Бу янги механизм «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги қонунга асосан жорий этилди.
Энди жисмоний шахслар махсус реестрга ўз аризалари билан кириб, номларига кредит расмийлаштирилишини тақиқлашлари мумкин. Шунингдек, исталган вақтда реестрдан чиқиш ҳам мумкин. Бу ташаббус молиявий хавфларни камайтириш ва алдамчилик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.
Аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали, давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюролари орқали электрон ва ёзма шаклда топширилиши мумкин. Ушбу тартиб фуқароларга ўз молиявий хавфсизлигини мустақил назорат қилиш имконини беради.
Механизм орқали номига рухсатсиз кредит расмийлаштириш ҳолатлари олдини олинади, бу эса нафақат шахсий хавфсизлик, балки кредит ташкилотлари фаолиятининг ҳам шаффофлигини таъминлайди.
Ўзбекистонликлар қайси давлатларга кўпроқ саёҳат қилмоқда?
2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида хорижга чиққан ўзбекистонликлар сони 23,6 фоизга кўпайди. Энг кўп саёҳат Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистонга уюштирилган.
Миллий статистика агентлиги маълумотига кўра, январ–апрел ойларида 2 млн 116,9 минг нафар фуқаро чет элга чиққан. Бу ўтган йилга нисбатан 404,5 минг нафарга кўп. Қирғизистонга 899 минг, Тожикистонга 388,4 минг, Қозоғистонга 354,9 минг саёҳат амалга оширилди.
Шунингдек, Саудия Арабистонига 133,6 минг, Россияга 93,9 минг, Туркияга 64,2 минг, БААга 58,8 минг ва Мисрга 22,4 минг саёҳат қайд этилган. Таиланд, Виетнам ва бошқа мамлакатларга ҳам саёҳатлар кузатилмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, қўшни давлатларга саёҳат ҳали ҳам асосий йўналиш бўлиб қолмоқда. Бироқ Саудия Арабистони, Туркия ва Осиё мамлакатларига қизиқиш ҳам ортаётгани қайд этилмоқда.
Ўзбекистон Афғонистонда лойиҳаларни фаол давом эттирмоқда
Ғарб ва Россия чекинган пайтда, Ўзбекистон Афғонистонда стратегик қурилиш лойиҳаларини амалга оширмоқда. Бу ҳақда халқаро эксперт Жеймс Дюрсон фикр билдирди.
Айни пайтда Трансафғонистон темир йўли, Сурхон — Пули-Хумри электр тармоғи ва Термиз эркин иқтисодий зонаси каби йирик инфратузилма лойиҳалари олиб борилмоқда. Уларнинг мақсади — Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш.
Термиздаги эркин иқтисодий зона афғон тадбиркорларига махсус виза, омбор ва 900 минг тоннагача товар қабул қилиш имконини беради. Бу минтақа учун янги савдо марказига айланмоқда.
Темир йўл лойиҳаси орқали Покистон портларига чиқиш арзонлашиши, юк ташиш харажатлари эса 40 фоизгача камайиши мумкин. Электр линияси эса CASA-1000 лойиҳаси билан боғланиб, Афғонистон инфратузилмасини электрлаштиришга ёрдам беради.
Ўзбекистон ҳозирда Афғонистоннинг электр эҳтиёжининг 60 фоизини таъминламоқда. Экспертлар бу сиёсатни Тошкентнинг янги бозорларга чиқиш ва минтақавий барқарорликка ҳисса қўшишдаги муваффақиятли қадами, деб баҳоламоқда.