Россия 2026 йилда Миллий фаровонлик жамғармасисиз қолиши мумкин

21:40 | 5 дақиқада ўқилади.

Агар нефт нархи паст даражада сақланса ва рубл мустаҳкам бўлиб қолса, Россия 2026 йилга келиб Миллий фаровонлик жамғармасидаги (МФЖ) ликвид активлардан бутунлай маҳрум бўлиши мумкин.

Fnb russia

Бу ҳақда Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати акалемияси (РАНХиГС) ва Гайдар институти иқтисодчилари 2025 йилги федерал бюджет ижросига бағишланган ҳисоботда қайд этган. The Moscow Times ушбу таҳлилга таяниб маълумот тарқатди.

1 июн ҳолатига кўра, МФЖда фақат 2,8 трлн рубл сақланиб қолган — бу 2019 йилдан бери энг паст кўрсаткичдир. 2022–2024 йиллар оралиғида жамғарманинг ҳажми икки бараварга камайган бўлса, долларда уч бараварга пасайган (113,5 млрд доллардан 37,4 млрдгача). Фақат 2025 йилнинг май ойидаёқ Молия вазирлиги жамғарма ҳисобидан 35,9 млрд рубл бюджет танқислигини қоплаш учун, 532 млрд рубл эса давлат корпорациялари ва мега-лойиҳаларни молиялаштириш учун сарфлаган.

Жумладан, 300 млрд рубл «Москва – Санкт-Петербург» ВСМ лойиҳасига, 6,5 млрд рубл давлат лизинг компаниясига самолёт харид қилиш учун, 1 млрд рубл эса ВЭБ орқали Санкт-Петербург метрополитени учун поездлар сотиб олишга йўналтирилган. Яна 50 млрд рублча маблағ сирли лойиҳаларга ажратилган.

Натижада, жамғармада фақат 153,7 млрд юанлик валюта активлари қолган — бу 2008 йилда МФЖ тузилганидан бери энг кам даража ҳисобланади. Жамғармадаги олтин захиралари ҳам 400 тоннадон 139,5 тоннагача тушиб кетган.

Иқтисодчиларга кўра, ҳозирча жамғармадаги қолдиқ маблағлар нефт-газ даромадларидаги етишмовчиликни қисман қопламоқда. Бироқ агар нефт нархи тушаверса ва рубл мустаҳкам бўлиб қолса, ушбу захира бир йил ичида тамом бўлиши мумкин.

Молия вазирлиги жорий йилда МФЖни қайта тўлдиришни режалаштирган эди. Бироқ Urals навли нефт нархи бюджетда белгиланган 69,7 доллар ўрнига баррелига 52 долларгача тушиши оқибатида харажатлар ва даромадлар қайта кўриб чиқилмоқда. Энди нефт-газдан келадиган йиллик даромад 10,9 трлн эмас, 8,3 трлн рубл атрофида бўлиши кутилмоқда. Шу боис жамғармадан яна 447 млрд рубл сарфланиши режалаштирилмоқда.

Молия вазирлиги МФЖни асраш учун 2026 йилда бюджет харажатларини 1,5–1,6 трлн рублга, яъни ЯИМнинг 0,7 фоизига тенг миқдорда қисқартиришни кўриб чиқмоқда. Бюджет қоидаси доирасида нефт нархи бўйича «юқори планка»ни 60 доллардан 50 долларга тушириш ҳам мумкин.

Шу билан бирга, рублни арзонлаштириш орқали бюджетни қоплаш имконияти ҳам мавжуд, лекин бу инфляцияни кучайтириш хавфини туғдиради. Корхоналар фойдаси 34 фоизга камайгани туфайли даромад солиғи режаси (4 трлн рубл) ҳам сўроқ остида қолмоқда.