Россиянинг Чувашия республикасида Украина дронлари ҳужуми оқибатида Чебоксари шаҳрида жойлашган ВНИИР электроника заводида иш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда минтақа раҳбари Олег Николаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, эрталаб дронларнинг Чувашияга йўналтирилгани қайд этилган. Икки аппарат ВНИИР заводи ҳудудига тушган. Ушбу корхона Россиядаги энг йирик электрон компонентлар ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Завод ишчи-ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иш жараёни вақтинча тўхтатилган.
Яна икки дрон яқин атрофдаги дала ҳудудларига тушган, бироқ улар аҳоли учун хавф солмаган. Николаев вазият тўлиқ назоратда эканини таъкидлади.
Чебоксари шаҳри Москвадан 600 km шарқда ва Украина билан чегарадан тахминан 1 000 km шимоли-шарқда жойлашган. Ҳужумдан сўнг ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда бир нечта дроннинг завод ҳудудига урилиб, портлашлар содир бўлгани акс этган. Қора тутун осмонга кўтарилаётгани кўзга ташланган.
Шу билан бирга, Россия Мудофаа вазирлиги мамлакат бўйлаб жами 49 украин дрони йўқ қилинганини маълум қилди. Украина томони эса Ривне вилоятида Россиянинг ўнлаб дронларини уриб туширганини хабар қилди. Бу вазият Полша ҳарбий ҳаво кучларининг қўшин тайёргарлигини кучайтиришга сабаб бўлди.