1 млн доллар жамғармали «President Tech Award» стартап танлови эълон қилинди

10.06.2025 17:20 | 2 дақиқада ўқилади.

IT Park Uzbekistan «President Tech Award» танловини эълон қилди. У технологик йўналишлардаги ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, умумий мукофот жамғармаси 1 млн долларни ташкил этади.

Tanlov

Ўзбекистонда илк бор IT Park Uzbekistan ташаббуси билан технологик ва рақамли ечимлар соҳасидаги йирик танлов — «President Tech Award» старт олди. У стартаплар, ёш тадбиркорлар ва инновацион ечимларга эга иштирокчилар ўртасида ўтказилади.

Танлов бешта асосий йўналишни қамраб олади: сунъий интеллект асосидаги технологиялар, ижтимоий соҳалар учун рақамли ечимлар, компьютер ва мобил ўйинлар, молиявий технологиялар ва тадбиркорлик, шунингдек, Micro-SaaS ва AdTech соҳасидаги ечимлар.

Ҳар бир йўналиш бўйича ғолибларга қуйидаги пул мукофотлари белгиланган:

1-ўрин — $100 000,
2-ўрин — $50 000,
3-ўрин — $30 000.

Шунингдек, махсус «Хакатон» йўналишида ғолиб бўлган жамоага $100 000 миқдорида грант ажратилади. Ушбу йўналишда стандартдан ташқари, инновацион ва экспериментал лойиҳалар тақдим этилади.

«President Tech Award» танлови ёш мутахассислар ва стартапчилар учун катта имконият яратиб, уларнинг ғояларини амалий ечимга айлантириш ва халқаро бозорга чиқишига хизмат қилади. Бу ташаббус Ўзбекистонда стартап муҳитини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда.