«Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Лойиҳа инсон саломатлигига хавф туғдирувчи юқумли касалликларни аниқлаш ва тарқалишининг олдини олиш мақсадини кўзлайди.
Ҳужжатга кўра, чет элда узлуксиз 90 кун ва ундан ортиқ бўлиб қайтган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизга меҳнат фаолияти учун келган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ОИВ бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтади.
Фракция аъзоси Шерзод Қулматовнинг таъкидлашича, 90 кунлик муддат инсон организмида вирус белгилари пайдо бўлиши учун тиббиётда эътироф этилган давр ҳисобланади. Шу сабабли ушбу чора ўз вақтида касалликларни аниқлаш ва кенг тарқалишининг олдини олиш имконини беради.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши меҳнат миграцияси фаоллашиб бораётган шароитда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий хавфсизликни таъминлаш ва тиббий назоратни кучайтиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Муҳокамалар якунида депутатлар мазкур қонун лойиҳасини маъқуллади ва қўллаб-қувватлади.