БМТ: Жаҳонда туғилиш даражаси кескин пасаймоқда

10.06.2025 16:40 | 3 дақиқада ўқилади.

БМТнинг янги ҳисоботига кўра, глобал миқёсда туғилиш даражалари кескин пасаймоқда. Бунга асосий сабаблар сифатида ота-она бўлиш харажатларининг ортиши ва муносиб турмуш ўртоқ топишдаги муаммолар кўрсатилмоқда.

Bolalar

БМТнинг Репродуктив ҳуқуқлар бўйича агентлиги — UNFPA 14 мамлакатда 14 минг кишини сўровдан ўтказиб, ҳар беш нафар респондентдан бири исталган фарзанд сонини туғишга эриша олмаганини ёки эриша олмаслигини маълум қилган. Бу мамлакатлар орасида Ҳиндистон, АҚШ, Бразилия, Жанубий Корея, Германия, Швеция, Нигерия ва бошқалар бор — улар дунё аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил қилади.

Тадқиқот натижаларига кўра, 39 фоиз иштирокчи фарзанд кўришга молиявий қийинчиликлар тўсиқ бўлаётганини айтган. Жанубий Кореяда бу кўрсаткич 58 фоизгача етган бўлса, Швецияда 19 фоизни ташкил этган. Айрим мамлакатларда туғиш қийинчилиги (бепуштлик) ҳам сезиларли омил бўлиб, Таиланд, АҚШ, Жанубий Африка, Нигерия ва Ҳиндистонда бу кўрсаткич 13–19 фоизни ташкил қилган.

UNFPA раҳбари доктор Наталия Канем бу ҳолатни «аҳоли сони бўйича мислсиз инқироз» деб атади ва бу глобал миқёсда одамлар ўзлари истаганча оила қуриш имкониятига эга эмасликларини кўрсатишини таъкидлади.

Шу билан бирга, UNFPA туғилиш пасайишига нисбатан шошма-шошарлик билан сиёсий чоралар кўришдан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда. Ташкилот раҳбарлари айрим давлатларнинг аҳоли камайиши баҳонасида миллатчи ва гендерга оид мутаассиб сиёсатлар олиб бораётганини танқид қилмоқда.

БМТнинг ушбу сўрови 50 та мамлакатни қамраб оладиган кенгроқ тадқиқотнинг пилот босқичи ҳисобланади. Мутахассислар бу масалада шошқалоқ сиёсий қарорлар эмас, аниқ ва чуқур таҳлилларга асосланган ёндашув зарурлигини таъкидламоқда.