Буюк Британия Миллий статистика бошқармаси (ONS)га кўра, меҳнат бозорида заифлашув кузатилмоқда. Пэйроллда бўлган ишчилар сони ҳам камайган. Бошқарма вакили Лиз МакКеоннинг таъкидлашича, баъзи компаниялар янги ишчиларни жалб қилиш ёки ишдан кетган ходимларнинг ўрнига янгисини олишни кечиктирмоқда.
Шу билан бирга, ишсизлик даражаси 4,5 фоиздан 4,6 фоизга кўтарилиб, сўнгги тўрт йилдаги энг юқори даражага етди. KPMG Британия бош иқтисодчиси Яэл Селфиннинг фикрича, иш ҳақи харажатларининг ошиб бориши фонида кўплаб компаниялар ходимлар сонини қисқартира бошлайди.
Иш ҳақи ўсиш суръати феврал–апрелда 5,2 фоизга секинлашган бўлса-да, бу кўрсаткич инфляция даражасидан юқори бўлиб қолмоқда. Апрелда инфляция 3,5 фоизга тенг бўлган.
Ушбу жараёнга ҳукуматнинг иш берувчилар учун мўлжалланган миллий суғурта бадалларини оширгани ҳам таъсир қилмоқда. Бу ўзгариш 2024 йил октябрдаги бюджетда қабул қилинган ва парламент муддати якунлангунга қадар 25 млрд фунт стерлинг йиғишни кўзлаган.
Меҳнат вазири Элисон Макговерн ҳукумат ўзгарганидан бери 500 минг нафар янги ишчи ишга жойлашганини таъкидлаган. Аммо Консерваторлар партиясининг бизнес бўйича соя вазири Эндрю Гриффит бундай статистикани «аҳвол кутилгандай» деб баҳолади. Либерал-демократлар вакиллари эса ҳукуматни «иш ўринларига солиқ» орқали кичик бизнес имкониятларини камайтираётганликда айблади.
Чоршанба куни молия вазири Рейчел Ривз давлат бюджетининг асосий йўналишларини белгилайди. Соғлиқни сақлаш ва мудофаа соҳалари энг кўп маблағ ажратиладиган йўналишлардан бири бўлиши кутилмоқда.
Меҳнат бозоридаги ушбу заифлашув Британия Марказий банкига фоиз ставкаларини пасайтириш имконини беради. Банк раҳбари Эндрю Бэйлининг сўзларига кўра, иш ҳақи ўсиши секинлашмоқда ва бу келгусида пул-кредит сиёсатига таъсир кўрсатади.