Азимовнинг таъкидлашича, охирги йилларда дефицит 5,5−6 фоиз даражасида бўлди. Бу эса кўпинча йўллар, электр ва коммунал тармоқлар, транспорт воситаларининг эскиргани туфайли юзага келган. Ҳукумат бу муаммоларни ҳал қилиш учун хорижий қарз маблағларини жалб қилишга мажбур бўлган. Унга кўра, ушбу инфратузилмавий муаммолар бартараф этилмас экан, иқтисодиётнинг жадал ривожланиши қийин бўлади.
Фискал сиёсат бўйича гапирар экан, Азимов сўнгги йилларда даромад солиғи 24 фоиздан 12 фоизга, қўшилган қиймат солиғи эса 20 фоиздан 12 фоизга камайтирилганини қайд этди. У бу ўзгаришларни давлат бюджети учун катта йўқотиш сифатида баҳолади, аммо аҳоли ва тадбиркорлик фаолияти учун катта рағбат сифатида кўрсатди.
Азимовнинг таъкидлашича, солиқ юкининг камайиши солиқ тўловчилар сонининг ортишига олиб келади. Шу билан бирга, у ташқи бозорда олтин ва бошқа хомашё маҳсулотлар нархининг юқори бўлиши фойдали омил бўлишини айтиб ўтди.
Унга кўра, мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, ишлаб чиқариш соҳаларини ривожлантириш лозим. Бу эса иш ўринлари яратилиши, экспорт салоҳиятининг ошиши, импорт қарамликнинг камайиши ва бюджетга қўшимча тушум келтиришига олиб келади.
Азимов, шунингдек, кичик ва ўрта бизнесга янада кўпроқ имтиёзлар яратиш зарурлигини таъкидлади. У мамлакатда ҳар йили 650−750 минг одам меҳнат бозорига қўшилаётганини айтиб, уларнинг асосий қисми фаолиятини айнан мазкур секторда амалга ошираётганини қайд этди.