«O’zeltexsanoat» уюшмаси аъзоси бўлган Cashgenics компанияси Ҳиндистондаги халқаро бизнес тадбирлари доирасида ўз экспорт салоҳиятини кенгайтирди. Компания Нью-Деҳлида ташкил этилган Ҳиндистон–Марказий Осиё бизнес кенгаши учрашувларида иштирок этиб, қатор B2B музокаралар олиб борди.
Музокаралар натижасида Cashgenics Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари — Wald Wide International, BharatiyaZPM, Wimman, Cosmic Care, Big Hearts, Velogic, Shymal Khmathan ва Art International билан умумий қиймати 3,5 млн доллар бўлган экспорт шартномаларини имзолади.
Компания Ҳиндистонга турли маҳсулотлар етказиб бериш орқали ҳамкорликни йўлга қўяди. Шу билан бирга, Cashgenics ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги технологияларни жорий этиш ва халқаро шерикликни кенгайтиришни мақсад қилган.
Ушбу келишувлар нафақат компаниянинг ташқи бозордаги мавқеини кучайтиради, балки Ўзбекистоннинг умумий экспорт салоҳияти ўсишига ҳам ҳисса қўшади. Cashgenics’нинг бу ютуғи мамлакат саноатидаги замонавий ёндашув ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.