Экофаол Грета Тунберг Исроилдан депортация қилинди

10.06.2025 19:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Швециялик экологик фаол Грета Тунберг 10 июн куни Исроил ҳудудидан расман депортация қилинди. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги у самолётда Францияга йўл олган пайтдаги суратни эълон қилди. У ердан Тунберг ўз мамлакати — Швецияга қайтиши кутилмоқда.

Greta tunberg

Тунберг ва яна 11 нафар фаол «Мадлин» номли яхтада Ғазо сектори соҳилига яқинлашишга уринган. Бироқ кема Исроил ҳарбийлари томонидан тўхтатилди. Расмий Тел Авивга кўра, Ғазо атрофи денгиз ҳудуди халқаро ҳуқуққа мувофиқ тарзда ёпиқ эълон қилинган ва бундай уринишлар қонунга зид ҳисобланади.

Грета Тунберг 2018 йилда Швеция парламенти олдида иқлим ўзгаришига қарши намойишлари орқали жаҳон миқёсида танилган. 2019 йилда БМТнинг иқлим саммитида нотиқлик қилган ва Time журнали томонидан «Йил одами» деб тан олинган. У тўрт марта Тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзод бўлган.

Эътиборли жиҳати шундаки, Тунберг авваллари самолётда учишдан принципиал равишда бош тортган. 2019 йилда Ню Йоркдаги саммитга Атлантика океани орқали парусли яхтада етиб борган эди. Шу боис, бу гал унинг авиақатнов орқали юртини тарк этиши алоҳида эътиборга сазовор.

Аввалроқ Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз халқаро сувларда Исроил томонидан ҳуманитар юк ташувчи «Мадлен» кемасининг ушланишини кескин қоралагани хабар қилинган эди. У бу ҳаракатни инсонпарварлик қонунларига зид деб баҳолади ва жаҳон ҳамжамиятини жавоб чоралари кўришга чақирди.