Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, отишма оқибатида камида 6 киши ҳалок бўлди, 99 киши турли даражада тан жароҳати олди. Исроил Мудофаа кучлари воқеа юзасидан суриштирув олиб борилаётганини билдирди. Улар аввал ҳам шубҳали шахслар огоҳлантиришга инобат қилмаган ҳолларда ўқ узилганини маълум қилган, бироқ тинч аҳолига отилганини рад этган.
Ҳодисанинг энг хавотирли жиҳати — ўқ узганлар орасида юзи ниқобланган, фуқаролик кийимдаги маҳаллий қуролланган шахслар ҳам бўлгани. Улар одамларга қарши ўқ узишдан ташқари, ёрдам қутиларини тортиб олгани ҳам айтилмоқда.
Tal ал-Султондаги ёрдам пунктлари GHF ташкилоти томонидан ташкил этилган. GHF расмий баёнотига кўра, ушбу ҳудуддаги марказ оммавий тартибсизликлар сабабли очилмаган. Аммо ташкилот бошқа икки нуқтада ёрдам тарқатиш муваффақиятли ўтганини билдирган. Уларнинг маълумотига кўра, охирги икки ҳафтада 11 миллиондан зиёд озиқ-овқат тарқатилган, бирор жиддий ҳодиса қайд этилмаган.
Шу билан бирга, Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу муддатда ёрдам пунктларида 127 киши ҳалок бўлганини ва 1 287 нафар киши яраланганини қайд этмоқда. БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар GHF билан ҳамкорликдан воз кечган. Уларга кўра, бу тизим нейтраллик ва мустақиллик тамойилларига зид, ёрдам сиёсий қуролга айланмоқда.
Ғазодаги 2,1 миллион аҳоли учун ёрдам — ҳаёт масаласи. Аммо бугунги шароитда ёрдам олишнинг ўзи ҳаёт учун хавфли бўлиб қолмоқда.