Ҳарвард Европадан чет эллик талабаларни вақтинча қабул қилишни сўради

08:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Доналд Трамп маъмуриятининг виза сиёсати туфайли Ҳарвард университети Европадаги олийгоҳларга мурожаат қилиб, чет эллик талабаларни вақтинча қабул қилишни сўради. Президент Алан Гарбернинг таъкидлашича, АҚШ визаси билан боғлиқ чекловлар сабаб 6 мингдан ортиқ талабанинг таҳсили хавф остида қолмоқда.

Alan garber

Financial Times маълумотларига кўра, Ҳарвард ҳозирда Лондон бизнес мактаби ва бошқа Буюк Британия университетлари билан музокара олиб бормоқда. Мақсад — виза ололмаётган талабалар учун ўқишни давом эттириш имконини яратиш. Чикаго университети каби айрим олийгоҳлар Трампнинг тақиқларидан мустасно бўлиб қолган ва ҳанузгача чет эллик талабаларни қабул қилмоқда.

Ҳарварднинг ташаббусига Ню Йорк университети, Нортвестерн ва Миннесотадаги Макалистер коллежи ҳам қўшилган. Айниқса, АҚШда қолиш имкони бўлмаган талабаларга ёрдам сифатида Макалистер маблағ йиғиш кампаниясини бошлаган.

АҚШ Давлат департаменти май ойида барча янги талабалик визаларини кўриб чиқишни тўхтатди ва биографик маълумотларни, шу жумладан, ижтимоий тармоқ фаолиятини текширишни кучайтирди. Айрим талабаларга виза рад этилган, айримлар эса Фаластинни қўллаб-қувватлаш намойишларида қатнашганликда гумон қилинган.

Ўтган ҳафта Ҳарвард АҚШ ҳукуматига қарши даъво аризаси киритди. Университет фикрича, тақиқ академик эркинликка путур етказмоқда. Европа Иттифоқи эса май охирида бўлиб ўтган фан ва таълим бўйича кенгаш йиғилишида мазкур талабаларни қабул қилишга тайёр эканини маълум қилди. Бироқ, олийгоҳни ўзгартирган талабаларга тўланган контракт маблағлари қандай қайтарилиши масаласи ҳали очиқ қолмоқда.