Исроил расмийлари аввалроқ ҳарбий ёрдам кўрсатмагани ҳақидаги танқидларга жавобан бу қарорни очиқламай келаётганди. Аммо Бродский бу ёрдамни инкор қилиш ноҳақлик эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Patriot тизимлари аввал Исроил армиясининг ихтиёрида бўлган ва ҳозирда Украинага юборилган.
Исроил аввал Украинага қурол етказиб беришдан бош тортганди. Бу қарор мамлакатнинг ўз захиралари тугаб қолиши хавфи ва бошқа оператив омиллар билан изоҳланган. Бош вазир Бинямин Нетаняху эса қуроллар эҳтимолий тарзда Эрон қўлига ўтиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Исроил 2024 йил баҳорида ўзининг саккизта Patriot батареясини эксплуатациядан чиқаришни бошлаганини эълон қилганди. Financial Times нашри ўша пайтда АҚШ, Исроил ва Украина ўртасида ушбу тизимларни Киевга етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя бу каби ҳаракатлар сиёсий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида Исроилни огоҳлантирган. Москва Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатилишини қоралайди.
Май ойи бошларида Reuters ва New York Times нашрлари Киев НАТО саммитигача яна Patriot тизимларини олиши кутилмоқда, деб хабар берган. Газета маълумотларига кўра, улардан бири айнан Исроилдан юборилади.
Айни пайтда Украинада Patriot тизимларининг самарадорлиги пасайгани таъкидланмоқда. Украина ҳаво кучлари вакили Юрий Игнатга кўра, «Искандер» ракеталарининг маневрчанлиги туфайли Patriot тизимларига мураккаблик туғилаётгани кузатилмоқда. Шунингдек, Patriot тизимлари дронлар ҳужуми сабабли ракеталар захирасини йўқотмоқда.