Чет элдан қайтганлар мажбурий тиббий кўрикдан ўтади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Унга кўра, 90 кундан ортиқ чет элда бўлган 18-60 ёшли Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, меҳнат мигрантлари ОИВ бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтади. Бу чора касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган. Депутатлар лойиҳани маъқуллади.
АҚШдаги ўзбекистонликлар намойишлардан йироқ туришга чақирилди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Лос Анжелесдаги норозилик намойишлари юзасидан баёнот берди. Вазирлик айрим ўзбекистонликларнинг намойишларда қатнашгани ҳақидаги хабарларни тасдиқламади. Шунга қарамай, ТИВ АҚШдаги барча фуқароларни мамлакат қонунларига қатъий риоя этишга ва оммавий тадбирларда иштирок этмасликка чақирди. Фуқаролар зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ёки Лос-Анжелесдаги бош консулхонасига мурожаат қилишлари мумкин.
Ёш болали ходимларга қўшимча таътил берилади
Ўзбекистонда 12 ёшга тўлмаган фарзанди бор ходимларга йилда камида 4 кунлик ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади. Бу янги меъёр Меҳнат кодексига киритилган ўзгаришлар асосида жорий этилди. Имтиёз 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган фарзанди бор ота-оналарга тааллуқли. Таътил йиллик таътилга қўшиб ёки алоҳида олиниши мумкин, бироқ уни кейинги йилга кўчириш ёки пулли компенсация билан алмаштириш тақиқланади.
1 млн долларлик жамғармага эга танлов бошланди
Ўзбекистонда илк бор IT Park Uzbekistan томонидан умумий мукофот жамғармаси 1 млн доллар бўлган “President Tech Award” танлови эълон қилинди. Ушбу танлов ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаб, сунъий интеллект, ижтимоий соҳа учун рақамли ечимлар, компьютер ўйинлари, молиявий технологиялар ва Micro-SaaS/AdTech каби 5 та асосий йўналишни қамраб олади. Ҳар бир йўналишда 1-ўринга 100 000, 2-ўринга 50 000, 3-ўринга 30 000 доллар ажратилган. Шунингдек, “Хакатон” йўналиши ғолиблари 100 000 доллар грант олади.
Энергия харажатлари учун компенсация берилади
Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга электр ва газ харажатларини қоплаш учун давлат томонидан компенсация берилмоқда. Ҳозиргача 277 719 та оиладан ариза келиб тушган бўлиб, улардан 240 018 таси ижтимоий ҳимоя реестрида мавжуд. Қолган 37 701 та ариза камбағал, лекин рўйхатда бўлмаган оилалардан қабул қилинган. Аризалар кўриб чиқилмоқда ва эҳтиёжга қараб компенсациялар тайинланмоқда. Мурожаат қилиш учун маҳалладаги ижтимоий ходимга, “Инсон” марказига ёки 1140 қисқа рақами орқали боғланиш мумкин.
Ўзбекистон Қатар устидан Тошкентда ғалаба қозонди
Муддатидан олдин жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган Ўзбекистон миллий жамоаси саралаш мусобақасининг сўнгги турида Тошкентда Қатар миллий жамоаси билан ўйнади. Айтиш лозимки, ушбу ўйин натижаси ҳар иккала жамоа учун мусобақа жадвали нуқтайи назаридан аҳамиятга эга эмас эди.
Ўйин ўзбекистонликларнинг устунлиги остида кечди ва мезбонларнинг 3:0 ҳисобида ғалаба қозониши билан якунланди. Ўзбекистон миллий жамоаси муддатидан олдин жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган, Қатар миллий жамоаси эса саралашнинг кейинги босқичида ўз кучини синаб кўради.