9 июн куни Тошкентда ўтаётган Халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БРИКС таркибидаги Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русефни қабул қилди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган масалалар муҳокама этилди.
Давлат раҳбари жорий йилда Ўзбекистоннинг Янги тараққиёт банкига аъзо бўлиши бўйича Банк Бошқарувчилар кенгаши томонидан берилаётган принципиал розиликни юқори баҳолади. Таъкидланишича, ҳозиргача умумий қиймати 5 млрд доллардан ошган қўшма лойиҳалар дастури шакллантирилган.
Президент Мирзиёев ирригация тизимларини янгилаш, тоғ-кон саноатини ривожлантириш, хусусий секторни молиялаштириш, таълим ва инфратузилмада давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш устувор йўналишлар сифатида белгиланишини таъкидлади.
Шу билан бирга, минтақавий даражадаги йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ва амалга оширишда Янги тараққиёт банкининг иштироки муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Музокаралар Ўзбекистоннинг глобал молиявий институтлар билан муносабатларини янада чуқурлаштириш ва инвестицион муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилаяпти.