Ўзбекистон Mobiuz мобил операторидаги 100 фоиз давлат улушини сотувга қўйди

10.06.2025 10:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ҳукумати мобил алоқа оператори Mobiuz (Universal Mobile Systems)даги 100 фоиз улушини сотувга қўйди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги расман маълум қилди.

Mobi.uz

Мазкур хусусийлаштириш жараёни халқаро миқёсда ташкил этилади. Музокара ва савдоларни ташкил этишда етакчи стратегик маслаҳатчи сифатида Rothschild & Co, молиявий маслаҳатчи сифатида эса KPMG иштирок этмоқда. Савдоларда маҳаллий ва хорижий инвесторлар қатнашиши мумкин.

Тендер уч босқичда ўтказилади: аввал қизиқиш билдириш (Expression of Interest), кейин мажбуриятсиз таклифлар (Non-Binding Offers) ва сўнг мажбурий таклифлар (Binding Offers) қабул қилинади. Биринчи босқичда қатнашиш учун иштирокчилар ўз компанияси, акциядорлари ва молиявий ҳолати ҳақида маълумотларни тақдим этиши лозим. Аризалар 2025 йил 1 августга қадар қабул қилинади.

Молиявий барқарорлик талабларига жавоб бермаган ҳамда АҚШ, ЕИ ёки халқаро молия институтлари санкцияларида бўлган компаниялар савдоларда иштирок этолмайди. Саралашдан ўтган иштирокчилар билан махфийлик тўғрисида келишув (NDA) имзоланади ва уларга компания ҳақида батафсил маълумот тақдим этилади.

Мажбурий таклиф босқичида иштирокчилар Mobiuz’нинг молиявий, солиқ ва юридик ҳолати юзасидан KPMG тайёрлаган аудиторлик хулосаси билан танишади ва операторнинг объектларига ташриф буюриши мумкин. Бу босқичда таклиф қилинган нархнинг камида 1 фоизи миқдорида кафиллик пули тўланиши шарт.

2024 йил якунларига кўра, Mobiuz’нинг соф тушуми 2,086 трлн сўмни ташкил этган, абонентлар сони эса 7,8 миллионга етган. Компания аввал Россиянинг МТС оператори билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, 2016 йилдан тўлиқ давлат тасарруфига ўтган.

Хусусийлаштириш бўйича қарор 2022 йил баҳорида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган давлат дастури асосида қабул қилинган эди. Жорий йил апрел ойида эса бу қарор янги фармон билан расман кучга кирди.