Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон чигирткаларга қарши кучларини бирлаштирмоқда

10.06.2025 13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Марказий Осиёда чигиртка хавфига қарши курашиш мақсадида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўзаро ҳамкорликни кучайтирмоқда. Томонлар ахборот алмашуви ва халқаро фитосанитария стандартларини жорий этишни режалаштирмоқда.

Chigirtka

Европа ва Ўртаер денгизи ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилоти (EPPO) доирасида ўтказилган 55-йиғилишда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон чигирткаларга қарши биргаликда курашиш юзасидан келишувга эришди. Бу ҳақда Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот тарқатди.

Қозоғистон Давлат назорати қўмитаси раҳбари вазифасини бажарувчи Сакен Қанибеков уч давлат фитосанитария хизматлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Томонлар мавсумий чигирткаларга қарши ҳимоя тадбирларини мувофиқлаштириш масаласини муҳокама қилди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг Locust.uz ахборот тизими тақдим этилди. У мазкур ҳашаротлар тухум қўйган жойларни, кимёвий ишлов берилган майдонларни қайд этиш ҳамда GPS орқали махсус техника ҳаракатини кузатиш имконини беради. Бу тизим ҳудуддаги фитосанитария вазиятини баҳолаш ва тарқалишнинг олдини олишга хизмат қилади.

Музокаралар якунида давлатлар ўзаро ахборот алмашувини кучайтириш, чигиртка хавфи юқори бўлган чегара ҳудудларда қўшма мониторинг ўтказиш, фитосанитария ҳолатини мунтазам баҳолаш ва сертификатлар билан боғлиқ маълумотлар билан ўзаро алмашишга келишиб олди.

Қозоғистон расмийларига кўра, мамлакатда 2 млн гектар майдон чигиртка хавфи остида. Ўзбекистон эса аҳоли паникасига изоҳ бериб, Тошкентдаги чигирткалар хавфли тўда эмаслигини ва уларга қарши кураш фақат керакли ҳолатдагина амалга оширилишини таъкидлади.