Тошкентдаги расмий учрашувлар якунларига кўра, Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, стратегик шериклик мақомига эга бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев ва Словакия Бош вазири Роберт Фицо ушбу мақсадда қўшма декларация имзоладилар.
Музокаралар доирасида икки мамлакат ўртасида бир қатор муҳим ҳужжатлар алмашилди. Улар орасида дипломатик кадрлар тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги, стандартлаштириш ва метрология, энергетика бозорларини тартибга солиш соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар бор. Шунингдек, 2025–2026 йилларга мўлжалланган ташқи ишлар вазирликлари ва стандартлаштириш соҳасидаги дастурлар тузилди.
Словакия шу тариқа Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги учинчи стратегик шеригига айланди. Бунгача Франция ва Венгрия билан шунга ўхшаш мақомдаги муносабатлар ўрнатилган эди.
Ташриф доирасида Словакия делегацияси IV Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этади. Бу учрашув икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Маълумки, Словакия дунёда жон бошига тўғри келадиган автомобил ишлаб чиқариш бўйича етакчи ҳисобланади. Мамлакатда Volkswagen, Peugeot, Volvo ва Jaguar каби йирик автомобил компаниялари ишлаб чиқариш базасига эга. Шу боис, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ҳам бу соҳада юқори талаб мавжуд.