Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик янги амалий босқичга ўтди

11:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Хитой Халқ Республикаси Бош божхона маъмурияти раиси ўринбосари Ву Хайпин бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Божхона қўмитасига ташриф буюрди. Бу ташриф икки давлат божхона хизматлари ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг илк натижаси сифатида баҳоланмоқда.

Xitoy

Божхона қўмитаси раиси меҳмонларни тантанали қабул қилиб, сўнгги йилларда давлатлар ўртасидаги инвестицион ва савдо алоқалари жадал ривожланаётганини таъкидлади. 2024 йил охиригача Ўзбекистон иқтисодиётига киритиладиган хитой инвестициялари ҳажми 15 млрд доллардан ошиб кетиши кутилмоқда. Шунингдек, фақат шу йилнинг ўзида 380 та янги қўшма корхона ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 3,7 мингтага етди.

Учрашувда божхона соҳасидаги ўзаро ахборот алмашинуви, кадрлар малакасини ошириш, Шанхай Божхона университети билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, божхона ҳудудида қайта ишлаш тизимида Хитой тажрибасини ўрганиш каби масалалар муҳокама этилди.

Бундан ташқари, божхона постларини замонавий назорат воситалари, жумладан, юк автомашиналарини сканерловчи тизимлар билан жиҳозлашдаги ҳамкорлик, ташқи савдо юкларининг тез ва самарали расмийлашувини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Хитой делегацияси Божхона қўмитаси тасарруфидаги лабораториялар, ахборот марказлари ва расмийлаштириш пункти фаолияти билан яқиндан танишди.