Ўзбекистонда тўлов тизимлари устидан назорат кучайтирилади

10.06.2025 16:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тўлов тизимлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини назорат қилишга қаратилган янги қонунни иккинчи ва учинчи ўқишда маъқуллади. Янги ҳуқуқий механизм киберҳужумлар ва молиявий фирибгарликка қарши самарали курашишни мақсад қилади.

Oliy majlis

Қонун лойиҳасига мувофиқ, Марказий банк, тўлов тизимлари ва акционерлик жамиятлари ҳақидаги қонунларга ўзгартиришлар киритилади. Унга кўра, барча тўлов ташкилотлари хавф-хатарларни бошқариш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича минимал талабларга амал қилиши шарт бўлади.

Қонунчиликка янги тушунчалар — фаолият йўналишига қараб тўлов ташкилотларини таснифлаштириш ҳамда «тизимли аҳамиятга эга тўлов ташкилотлари» тоифаси киритилди. Бундай ташкилотларга алоҳида тартибда назорат ўрнатилади.

Ташаббус орқали тўлов тизими иштирокчилари учун хавфни баҳолаш, ички назорат механизмларини жорий қилиш ва Марказий банк томонидан белгиланадиган техник талабларга риоя қилиш мажбурияти юкланмоқда. Бу чоралар рақамли тўлов соҳасидаги хавфларни камайтиришга қаратилган.

Қонун лойиҳаси энди Сенат кўриб чиқувига юборилади. Сенатда маъқуллангандан сўнг Президент томонидан имзоланиши орқали кучга киради.