«Telegram» асосчиси Павел Дуров америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервюсида Францияда бўлиб турганини ва 9 ойдан буён мамлакатни тарк этиш имконияти йўқлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу вазият сабабли у ўз болалари ва онаси билан кўришолмаяпти.
Дуров таъкидлашича, аввалига Франция ҳукумати «Telegram»ни жиноий фаолиятда фойдаланиш ҳолатларига нисбатан чора кўрмаганликда айблаган. Бунга жавобан «Telegram» расмийлари томонидан ҳеч қандай расмий сўров келиб тушмагани маълум қилинган. Шу пайтга келиб, француз томони уни «соҳа ҳамкори» сифатида айбламоқда, яъни платформа орқали жиноятчилар фаолият юритгани учун масъулият юклашмоқда.
Дуров бу каби муносабатни адолатсизлик деб ҳисобламоқда. Унинг таъкидлашича, «Telegram» бутун дунё бўйлаб 1 миллиарддан ортиқ фойдаланувчига эга ва платформа ҳуқуқий масалаларга етарлича маблағ сарфламоқда. Шунингдек, Дуров ҳибсга олингач, 4 кун давомида шароитсиз камерада сақланганини ҳам қайд этди.
У телефондан фақат «Telegram» тестлари учун фойдаланганини, SIM-карта ўрнатилмаганини ва бу қурилмани доимий равишда олиб юрмаслигини айтди. Бунинг сабабларидан бири — ҳукуматлар кузатув дастурлари, жумладан, «Pegasus»ни ўрнатиши мумкинлиги, иккинчиси эса — телефон диққатни жамлашга халақит бериши экан.
Павел Дуровнинг Франциядан чиқолмаётгани ва унга қарши иш қўзғатилмаган бўлса-да, ҳаракат эркинлигининг чекланаётгани Европа Иттифоқи ҳудудидаги ҳуқуқий механизмлар самарадорлиги борасида саволлар туғдиради.