Маориф вазирлиги рус тилини етарлича билмаган чет эл фуқароларининг фарзандлари учун таълим муассасалари рўйхатини эълон қилди. Бу курслар мактаб ва педагогика олийгоҳлари базасида ўтказилади, аммо 18 минтақада, жумладан Брянск, Вологда, Владимир областлари, Чукотка ва аннексия қилинган Қримда бундай дастурлар назарда тутилмаган.
Давлат Думаси меҳнат ва ижтимоий сиёсат қўмитаси раҳбари Ярослав Нилов бу ташаббусни танқид қилди. Унга кўра, давлат бюджетидан бундай харажатлар «аҳолининг солиқлари ҳисобидан асоссиз хайрия»га айланиши мумкин.
Бошқа депутатлар, хусусан, МДҲ ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Константин Затулин эса ташаббусни қўллаб-қувватлади. Унинг таъкидлашича, бу дастур президент Владимир Путиннинг топшириғига мувофиқ амалга оширилмоқда. Затулин, шунингдек, харажатларни қисман мигрантларни ишга қабул қилувчи иш берувчилар билан бўлишни таклиф этди.
Маориф вазирлиги маълумотига кўра, курсларга қабул масаласи ва молиялаштириш йўналиши ҳар бир ҳудуднинг ихтиёрида бўлади. 2025 йил 1 апрелдан кучга кирган қонунга асосан, рус тилини билмаган мигрант болалар мактабга қабул қилинмайди.
Рособрнадзор маълумотига кўра, тест синовларига ариза берган 1800 нафар боладан 81 фоизи ҳужжатлардаги камчиликлар туфайли имтиҳонга қўйилмаган. 10 июн куни Думала янги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиши кутилмоқда. Унга кўра, маҳаллий таълим идоралари чет эллик болалар тўғрисидаги маълумотларни ИИВга тақдим этиши шарт бўлади.
Россияда рус тилини билмаган мигрант болаларни мактабга қабул қилишга оид янги қоидалар жорий этилганига икки ой бўлди. Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин маълум қилишича, шу муддат ичида ариза топширганлардан фақат 4 фоиз бола мактабларга қабул қилинган.
22 май ҳолатига кўра, 2868 та ариза топширилган бўлиб, улардан 498 нафар бола тест синовига киришга рухсат олган. Бу эса ариза берганларнинг 17 фоизини ташкил этади. Таълим муассасаларига қабул қилинган болалар сони эса жами 4 фоиз бўлган.
Рособрнадзор маълумотларига кўра, май ойида 1700 та тест синови бўйича ариза келиб тушган, бироқ 81 фоиз ҳолатда ҳужжатлардаги хато ва ноаниқ маълумотлар сабабли номзодлар рад этилган. Шунингдек, анкета маълумотларининг кўп қисми ишончсиз экани қайд этилган.
Володин таъкидлашича, Давлат Думасида яқин кунларда миграция сиёсасини такомиллаштиришга қаратилган янги қонун лойиҳаси муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Ҳужжатга кўра, маҳаллий таълим бошқармалари мигрант болалар ва уларнинг ота-оналари ҳақидаги маълумотларни ички ишлар органларига тақдим этиши шарт қилинади. Бу маълумотлар орасида тест натижалари, қабул ва чиқариш ҳақидаги маълумотлар ҳамда мактабга мурожаат қилган шахснинг махсус рўйхатда бор-йўқлиги ҳақидаги ахборотлар ҳам бўлади.