Росстат маълумотларига кўра, январ–апрель ойларида шакар ишлаб чиқариш 32,3 фоизга, кунгабоқар ёғи — 15,5 фоизга, ун — 7,8 фоизга камайган. Фақат апрел ойида шакар ишлаб чиқариш 36 фоизга, ўсимлик ёғи — 15,6 фоизга, ун — 9,1 фоизга қисқарган.
Бу 2021 йилдан бери биринчи марта Россияда умумий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариши пасайганини англатади. 1-чоракда бу кўрсаткич 0,3 фоиз бўлган бўлса, апрел охирига келиб 0,7 фоизга етиб борди.
Шакар ишлаб чиқаришдаги таназзул, аввало, маҳаллий уруғларга ўтиш сабабли камайган қанд лавлаги ҳосили билан боғлиқ. ИКАР институтининг баҳолашича, маҳаллий уруғлар импорт уруғларга қараганда 20–30 фоиз кам ҳосил беради.
Кунгабоқар ёғи ишлаб чиқаришда ҳам фойдасизлик сабабли пасайиш кузатилди. Ёғ-мой ишлаб чиқарувчилар уюшмаси вакиллари таъкидлашича, экспорт қилиш орқали хом ашёни сотиш даромадлироқ бўлиб қолган, чунки ички бозорда нархни оширишга давлат босими тўсқинлик қилмоқда. Айрим заводлар йил бошидан фаолиятини тўхтатган.
Ун ишлаб чиқариш ҳам зарарли соҳалардан бирига айланди. Бунда марказий банкнинг асосий ставкаси ошиши ва давлат қўллаб-қувватлаши қисқариши катта таъсир кўрсатди. ИКАР раҳбари Дмитрий Рилконинг маълум қилишича, ун ишлаб чиқарувчи ва дон корхоналари оммавий банкротлик хавфига дуч келмоқда.
2023 йилда тухум, 2024 йилда сариёғ, 2025 йилда эса картошка билан боғлиқ озиқ-овқат инқирозлари қайд этилди. Май ойига келиб, картошка нархи 173 фоизга ошиб, сўнгги 23 йилдаги энг юқори даражага етди. Калининград области губернаторлиги картошка олиб чиқишни тақиқлади.
РФ бош вазири ўринбосари Дмитрий Патрушев тан олишича, ҳукуматнинг озиқ-овқат бозорини барқарорлаштиришга қаратилган чора-тадбирлари кечиктирилган ҳолда жорий этилган. У 2024 йил охирида айрим сабзавотларга бож тўловлари бекор қилинганини эслатди, бироқ бу қарорлар анча олдин қабул қилиниши лозим эди, деди у.