Сурхондарё вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, ҳозиргача 1,6 км узунликдаги канат йўли учун устунлар бетонлаштирилиб, бошланғич нуқтаси тайёрланди. Лойиҳа доирасида «zip-line», пикник ҳудудлари, санаторий, маданий ва кўнгилочар кластер қурилиши кўзда тутилган. Шунингдек, мажмуада 20 дан ортиқ ресторан, кафе ва бар, 296 савдо шохобчаси, 6 та меҳмонхона (2 таси 5 юлдузли) ва 10 та меҳмон уйи барпо этилади.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов қурилиш майдонига ташриф буюриб, «Сангардак» лойиҳаси ҳамда Нелу маҳалласида туризм қишлоғини ташкил этиш режалари билан танишди. Ташриф чоғида лойиҳалар халқаро стандартларга мос равишда, сифат ва самарадорликка эътибор қаратилган ҳолда олиб борилаётгани таъкидланди.
Қурилиш «Турон» банки, сайёҳлик соҳаси ва маҳаллий тадбиркорлар иштирокида молиялаштирилмоқда. «Сангардак» — вилоятдаги «Обиҳаёт» ва «Омонхона» лойиҳалари билан бир қатордаги учта йирик туризм ҳудудидан бири.
2024 йил декабрида Ўзбекистон президенти томонидан тоғли ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга оид қарор имзоланган. Унга кўра, ушбу уч зона умумий 945 гектар майдонни эгаллайди. Мазкур ҳудудлар фаолиятини мувофиқлаштирадиган махсус дирекция тузилиб, ерлар онлайн-аукционлар орқали 10 йилгача бўлган муддатга бўлиб-бўлиб сотилади.
Ҳудудларда меҳмонхона, дам олиш масканлари ва сервис объектлари қурилиши 2027 йилгача якунланиши режалаштирилган.