ТИВ АҚШдаги юртдошларимизни намойишларда иштирок этмасликка чақирди

10.06.2025 12:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтаётган норозилик намойишлари юзасидан расмий баёнот берди. Унга кўра, вазирлик ижтимоий тармоқларда тарқалган, гўёки айрим ўзбекистонликлар ушбу намойишларда қатнашгани ҳақидаги хабарлар бўйича ҳозирча расмий тасдиқланган маълумот мавжуд эмаслигини маълум қилди

Amerika

Шу билан бирга, ТИВ АҚШдаги барча фуқароларни ушбу мамлакат қонун-қоидаларига қатъий риоя этишга ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган оммавий тадбирларда иштирок этмасликка чақирди.

Вазирлик таъкидлашича, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда давом этади. Зарур ҳолларда фуқаролар Вашингтондаги элчихона ёки Лос-Анжелесдаги бош консулхонага мурожаат қилишлари мумкин.

Маълумот учун, Лос-Анжелесдаги намойишлар 6 июн куни АҚШ Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) томонидан ўтказилган рейдлардан сўнг бошланган. Намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берган, 44 киши қўлга олинган. Кейинги кунларда эса норозилик ҳаракатлари шаҳарнинг бошқа туманларига, жумладан, лотин америкаликлар яшовчи Парамаунт ҳудудига ҳам тарқалган.