Тошкентда IV Халқаро инвестиция форуми бошланди

12:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкентда Марказий Осиёдаги энг йирик инвестиция платформаси — IV Халқаро инвестиция форуми иш бошлади. Форумда 8 мингдан ортиқ иштирокчи, жумладан, 100 мамлакатдан 3 мингдан зиёд халқаро меҳмон иштирок этмоқда ва 30 млрд долларлик лойиҳалар тақдим этилмоқда.

Toshkent forum

2025 йил 9 июн куни Тошкент шаҳрида IV Тошкент Халқаро инвестиция форуми (TXIF) ўз ишини бошлади. Ушбу форум минтақавий инвестиция кун тартибининг асосий тадбири сифатида халқаро сармоядорлар, ҳукумат вакиллари, молия институтлари ва йирик бизнес субъектларини бирлаштирмоқда.

Бу йилги тадбир илгари кузатилмаган кенг кўламда ташкил этилди. Инвестиция фойдаси юқори бўлган соҳалар — энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва саноат тармоқларида умумий қиймати 30 млрд доллардан ортиқ бўлган лойиҳалар тақдим қилинмоқда.

Форумда Болгария Президенти Румен Радев, Словакия Бош вазири Роберт Фицо, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбойжон ва Туркманистон ҳукумат раҳбарлари ҳамда ЕТТБ президенти Одил Рено-Бассо ва Янги тараққиёт банки раҳбари Дилма Русеф иштирок этмоқда.

Форум доирасида биринчи марта Ўзбекистон саноат ва инвестиция салоҳиятини тўлиқ намоён этувчи миллий кўргазма ташкил этилди. Унда 90 та маҳаллий компания ўз лойиҳаларини тақдим этиб, нефт-кимё, қурилиш, озиқ-овқат ва машинасозлик соҳаларидаги имкониятларни кўрсатмоқда.

Тадбирда CNN, The Guardian, ZDF, Euronews, Al Jazeera каби етакчи халқаро ОАВ вакилларидан иборат 114 нафар журналист қатнашмоқда. Бу Ўзбекистоннинг очиқ инвестицион муҳит сифатидаги имижи мустаҳкамланаётганини англатади.

Форумнинг расмий ҳамкорлари ҳам кенгайган. Acwa Power, Uzum, Koc Construction ва Yandex Uzbekistan платина ҳомийлар сифатида, Ipoteka Bank, RWB ва Vision Invest эса олтин ҳомийлар сифатида иштирок этмоқда. Кумуш ҳомийлар қаторида Coca-Cola, Halyk Bank, PwC ва бошқалар бор.