Европа инвестиция банки Ўзбекистонда фаолиятини кенгайтирмоқда

10.06.2025 21:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил охирига қадар Тошкент шаҳрида Европа инвестиция банкининг (YIB) Ўзбекистондаги илк расмий офиси очилади. Бу ҳақда банкнинг кредит бўйича катта мутахассиси Давиде Монгуззи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида маълум қилди. Янги офис мамлакатда барқарор инфратузилмани ривожлантириш ва Европа билан ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим босқич бўлади.

Yevropa bank

Монгуззининг сўзларига кўра, ушбу қарор 3 апрел куни Самарқандда имзоланган стратегик битим асосида қабул қилинди. Ушбу ҳужжат Ўзбекистонда YIBнинг минтақавий ваколатхонасини ташкил этишни назарда тутади. Банкнинг мақсади – мамлакатда транспорт ва сув хўжалиги соҳасидаги йирик лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда «яшил» иқтисодиётни қўллаб-қувватлашдир.

YIB айни пайтда Қорақалпоғистон ва Самарқанд шаҳарларида транспорт оқимини яхшилашга қаратилган аниқ лойиҳаларни амалга ошириш устида иш бошлаган. Шунингдек, банк сув ресурслари, йўллар таъмири, темир йўл ва пуллик автомагистраллар қурилиши каби соҳаларда инвестиция киритиш ниятида. Унинг муҳандислик гуруҳида 400 дан ортиқ мутахассис фаолият юритмоқда.

Европа инвестиция банки лойиҳаларда фақат маблағ ажратиш эмас, балки уларни биргаликда амалга оширишга ҳам қизиқиш билдирмоқда. Бунда банкнинг бошқа мамлакатлардаги кўп йиллик тажрибаси асос бўлиб хизмат қилади. Тошкентдаги янги офис YIB ва Ўзбекистон ўртасидаги техник ва молиявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.

Яқинда банк Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон билан 365 млн еврога тенг барқарор транспорт ва сув бошқаруви лойиҳалари учун меморандум имзолади. Шунингдек, банк Тошкент–Самарқанд те́зюрар темир йўлини молиялаштириш имкониятини ўрганмоқда.