АҚШ ва Хитой савдо музокаралари натижа берди

11.06.2025 11:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Лондонда икки кун давом этган музокаралардан сўнг, АҚШ ва Хитой дунёдаги энг йирик иқтисодлар сифатида савдо зиддиятларини юмшатиш бўйича келишув асосини тайёрлади. Мазкур келишув Доналд Трамп ва Си Жинпинг томонидан тасдиқланиши кутилмоқда.

Aqsh xitoy

Музокараларда асосий эътибор нодир ер металлари ва магнитлар экспорти масаласига қаратилди. Вашингтон Хитойни бу маҳсулотларнинг экспортини сунъий тўхтатганликда айблаб келаётган эди. Бу моддалар смартфонлар ва электромобиллар ишлаб чиқариш учун муҳим ҳисобланади.

АҚШ савдо вазири Ҳовард Лутник музокаралар якунида «Женева келишувини амалга ошириш учун асосий доира тузилди» деб баёнот берди. Унга кўра, президентлар келишувни маъқуллаганидан сўнг, амалга ошириш жараёни бошланади.

Бундан олдин, 5 июн куни Трамп ва Си ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтган, музокаралар айнан шу мулоқотда эришилган келишувларга таянади. Хитой савдо вазири ўринбосари Ли Чэнганг ҳам «Икки томон Женевада ва телефон суҳбатида эришилган келишувларни амалга оширишни келишиб олди» деди.

Савдо урушининг илк босқичида АҚШ томонидан Хитой товарларига 145 фоизгача бож жорий этилган, Хитой эса жавобан 125 фоизлик тарифлар билан чиққанди. Май ойидаги Женева музокараларидан сўнг, АҚШ божларни 30 фоизга туширган, Хитой эса ўз навбатида 10 фоизгача камайтирган.

Шу билан бирга, ҳар икки давлат келишувнинг айрим шартларини бузишда бир-бирини айблаб келмоқда. АҚШ Хитойни магнитлар экспорти бўйича тўсиқларни олиб ташламаганликда айблади. Хитой эса АҚШни чип дизайн дастурлари савдосини тўхтатиш, Huawei маҳсулотларидан воз кечиш ва хитойлик талабаларга виза бермаслик каби ҳаракатларда айбламоқда.

Хитой Савдо вазирлиги айрим экспорт лицензияларини маъқуллаганини маълум қилди, лекин улар қайси давлатларга тегишли экани очиқланмади. Доналд Трамп Си Жинпинг нодир ер материаллари савдосини қайта бошлашга рози бўлганини маълум қилди.