БМТ Давлат хизмати форуми Самарқандда бўлиб ўтади

11.06.2025 11:00 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг 23−25 июн кунлари Самарқанд шаҳри БМТ Давлат хизмати форумига мезбонлик қилади. Ушбу нуфузли анжуман «2030 йилга беш йил қолди: Барқарор келажак учун давлат хизматларини жадаллаштириш» шиори остида ўтказилади.

Samarqand

Форум БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти (UN DESA) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилади. Асосий эътибор — Давлат хизматлари ва бошқарув соҳасидаги ўзгаришларни жадаллаштириш орқали БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига (SDG) эришиш масалаларига қаратилади.

Тадбир доирасида рақамли трансформация, инновациялар ва давлат хизматларида ҳамкорликни ривожлантириш асосий мавзу сифатида муҳокама қилинади. Айниқса, хизматлардан етарлича фойдаланолмаётган аҳоли қатламларини қамраб олиш ва ҳеч ким четда қолмаслигини таъминлаш масалаларига алоҳида урғу берилади.

Форум, шунингдек, давлат хизматлари сифатини яхшилаш, самарадорликни ошириш ва барқарор тизимларни яратиш бўйича халқаро тажриба алмашиш учун муҳим платформа сифатида хизмат қилади. Ташкилотчиларга кўра, бугунги кунда инновацион ёндашувлар ва рақамли ечимлар мамлакатлар учун тараққиёт имкониятларини кенгайтираётгани туфайли форум муҳим аҳамият касб этади.