Эрон Исроилнинг ракета дастури ҳақида маълумот олганини маълум қилди

11.06.2025 15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Эрон Исроилнинг ракета дастури ҳақидаги маълумотларга эга бўлди ҳамда уни иттифоқчилар ва Исроилга қарши гуруҳлар билан баҳам кўришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Эрон разведка вазирлиги маълум қилди, деб ёзади РИА Новости.

Eron yadro

7 июн куни Tasnim агентлиги Эрон гўёки Исроилнинг атом дастури бўйича махфий ҳужжатларни қўлга киритишга муваффақ бўлгани ҳақида хабар берди. 8 июнь куни Эрон ахборот (разведка) вазири Исмоил Хатиб ҳужжатларни «разведка маълумотлари хазинаси» деб атади. Унинг сўзларига кўра, олинган маълумотлар мамлакатнинг ҳужум салоҳиятини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Эрон разведкасининг айтишича, ҳужжатларнинг бир қисми Исроилнинг ҳарбий ва ракета дастурлари билан боғлиқ. Қайд этилишича, Теҳрон қўлига Исроилнинг ядровий ҳарбий дастури, шунингдек, «амалдаги ва келажакдаги дастурлар,» ушбу лойиҳаларда иштирок этаётган олимлар ҳақидаги маълумотлар тушган.

Разведка маълумотларига кўра, ҳужжатларнинг бир қисмидан Эрон Қуролли кучлари фойдаланмоқда.

«Эрон бошқа қисмини дўст мамлакатлар билан баҳам кўради ёки ташкилотларга ва анти-сионистик гуруҳларга берилади,» — дейилади баёнотда.

9 июн куни Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши Эрон Исроил ҳужум қилган тақдирда унинг «яширин ядровий инфратузилмаси»га жавоб зарбалари беришга тайёрлигини маълум қилди. Қайд этилишича, Теҳрон Исроилнинг яширин ядровий инфратузилмасига мутаносиб зарба бериш орқали ҳар қандай тажовузни қайтаришга қодир.

Аввалроқ Эрон АҚШни Исроил ядровий объектларга зарба берган тақдирда жавобгарлик ҳақида огоҳлантирганди.