Эрон Зангезур лойиҳасини тўхтатиб, Эрдўған режаларига тўсқинлик қилди

11.06.2025 12:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Эрон «Зангезур коридори» лойиҳаси амалга ошишига йўл қўймасдан, ўзининг минтақавий манфаатларини ҳимоя қилди. Бу ҳақда Эрон Олий раҳбари Али Хоманаийнинг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Али Акбар Вилоятий Tasnim агентлигига берган интервьюсида таъкидлади.

Eron

Унинг сўзларига кўра, коридор Нахичивон орқали Озарбойжонни Арманистон ҳудуди орқали боғлашни кўзлаган, аммо амалда Эроннинг Европа билан қуруқликдаги алоқасини чеклаш, минтақани бўлиш ва Туркия таъсирини кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган геосиёсий сценарий бўлган. Вилоятийнинг таъкидлашича, Эрон ўз вақтида бу режанинг моҳиятини англаб етди ва қатъий чоралар кўриш орқали уни йўққа чиқарди.

Унинг фикрига кўра, бу саъй-ҳаракатларда Теҳрон Москва ёрдамига таянмаган ва тўлиқ мустақил равишда ҳаракат қилган. Шу билан бирга Эроннинг бу позицияси Россия манфаатларини ҳам ҳимоя қилган, чунки коридор уни ҳам Жанубий Кавказдан сиқиб чиқаришга хизмат қилиши мумкин эди.

Вилоятий буни фақат транспорт лойиҳаси деб эмас, балки НАТО таъсири, ташқи аралашув ва минтақада кучлар мувозанатига таҳдид солувчи катта геосиёсий ўйин деб атади. Эроннинг бу минтақадаги иштироки, унинг фикрича, миллий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун стратегик қалқон ҳисобланади.

Теҳрон бу ҳаракатлари билан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг минтақани ўз таъсири остига олиш ва Эронни рақиб сифатида чеклаш режаларини барбод этганини билдирди. Вилоятий фикрича, «Зангезур коридори»нинг барбод бўлиши минтақада суверенитет ва коммуникация эркинлигини ҳимоя қилишда Эрон қатъий позицияда эканини кўрсатди.