2024 йил декабридан буён ички қочқинлар сони 24 фоизга кўпайган. Уларнинг катта қисми болалар, аёллар ва кекса фуқаролар бўлиб, кўпинча бирор жиҳоз ёки мол-мулксиз жойини тарк этишга мажбур бўлган. Улар ҳозир хавфли ва беқарор шароитда яшамоқда.
БМТ қошидаги Миграция бўйича халқаро ташкилот раҳбари Эми Поуп бу вазият инсонпарварлик инқирозига айланганини таъкидлаб, зудлик билан халқаро чора кўриш лозимлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу муаммо янги меъёрга айланмаслиги керак.
БМТ маълумотига кўра, 2024 йилда Ҳаитида қуролли бандалар ҳужуми оқибатида камида 5600 киши ҳалок бўлган. Мамлакатда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муаммолар кескинлашиб бормоқда.
Айни пайтда пойтахт Порт-о-Пренс ҳудудининг 80 фоизидан кўпроғини қуролли гуруҳлар назорат қилмоқда. 11 миллиондан ортиқ аҳолига эга мамлакатда миллионлаб одамлар очарчилик хавфига дуч келмоқда.