Ҳиндистон АҚШ билан тариф муддатидан олдин келишувга умид қилмоқда

11.06.2025 17:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманиям Жайшанкар АҚШ билан савдо келишувига 9 июлгача эришишга умид қилинаётганини маълум қилди. Унга кўра, икки давлат раҳбарлари бозорларга кириш имкониятини кенгайтиришга келишиб олган.

Hindiston tashqi ishlar vaziri

Франциядаги «Le Figaro» нашрига берган интервьюсида Жайшанкар АҚШ президенти Доналд Трампнинг 2 апрелдаги «Озодлик куни» тарифлари эълон қилиниши олдиданёқ музокаралар бошланганини билдирди. Тарифлар Ҳиндистон учун 27 фоизгача бўлган импорт тўловларини назарда тутган эди.

Жайшанкар: «Биз 9 июлгача, яъни 90 кунлик танаффус якунига қадар келишувга эришишга умид қиламиз», – деди. У сўзларига кўра, келишув ҳар икки давлат манфаати учун мувозанатли ва ўзаро фойда келтирадиган бўлиши лозим.

Шунингдек, Деҳлида АҚШ ва Ҳиндистон расмийлари ўртасида ёпиқ эшиклар ортида савдо музокаралари ўтказилди.
Айни вақтда Ҳиндистон АҚШ товарларига божларни камайтирган, жумладан, виски ва мотоцикллар учун тарифлар пасайтирилган. Лекин АҚШ томони 45 млрд долларлик савдо тақчиллигини қисқартиришга интилмоқда.

Трамп ва Моди ўзаро савдо ҳажмини 500 млрд долларгача етказишни мақсад қилган, бироқ Ҳиндистон ҳукуматининг айрим ҳимоя қилиниши зарур бўлган соҳалар – хусусан, қишлоқ хўжалиги борасида имтиёз бериш эҳтимоли кам.

Охирги ҳафталарда Трамп маъмурияти савдо шерикларидан энг яхши таклифларини тақдим этишни сўраган. АҚШ савдо вазири Ховард Лутник эса яқин келажакда келишувга эришилишига «ишонч билдирган».