Илoн Маск педофилларга алоқадорликда айблагани учун Трампдан узр сўради

11.06.2025 17:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Илон Маск АҚШ президенти Доналд Трампга қарши ёзган баъзи кескин баёнотлари учун омма олдида узр сўради. Унинг айтишича, Трамп ҳақидаги айрим постлари меъёрдан ошиб кетган.

Trump musk33

Маск бу ҳақда «Х» ижтимоий тармоғида маълум қилди, аммо айнан қайси постлар назарда тутилаётганини очиқламади.

Трамп ва Маск ўртасидаги «ёзишмалар жанги» 5 июн куни, Маск АҚШдаги солиқ имтиёзлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини «расво ва жирканч» деб атаганидан сўнг бошланган. Трамп эса бу қонунни «катта ва гўзал» деб таърифлаганди.

Шундан сўнг Маск Трампни педофил Жеффри Эпштейн иши билан боғлади. У Трамп бу ишда фигурант сифатида қатнашган, аммо бу ҳақдаги материаллар очиқланмаётгани шубҳали, деган фикр билдирди. Аммо унинг бу пости тез орада ўчирилди.

Маск шунингдек, Трамп  сайловда унинг кўмаги бўлмаса ғалаба қозона олмаслигини таъкидлади ва импичмент эълон қилиниб, уни вице-президент Жей Ди Вэнс билан алмаштириш таклифини қўллаб-қувватлади. Бу гаплардан сўнг Трамп уни «ақлдан озган» деб атади.

New York Times маълумотларига кўра, Трамп Маскнинг постларини унинг наркотик моддалар қабул қилиши билан боғлади. Бунга жавобан Маск бир неча йил олдин руҳий тушкунликка қарши дори сифатида кетамин қабул қилганини тан олди. Аммо Трамп у билан шахсан учрашиш таклифини рад этди. У «Мен Илoн ҳақида ўйламайман. Бечора боланинг муаммолари бор», — деди Трамп.

Шу орада Маск демократик партияни молиялаштиришни кўриб чиқишини маълум қилди. Бу эса Трамп томонидан таҳдид билан қарши олинди. Унинг таъкидлашича, агар Маск демократлар учун пул ажратса, «жавоб беришга тўғри келади».

Мазкур можаро Маск бойлигига ҳам таъсир қилди — Bloomberg маълумотига кўра, унинг ҳолатидан сўнг молиявий йўқотишлари 34 млрд долларни ташкил этди. Бироқ ҳозирги кунда у яна аввалги даражага қайтди — 369 млрд доллар.