Jetstar Asia июл охирида ёпилади, йўловчилар пулларини қайтаришини талаб қилишмоқда

11.06.2025 20:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Сингапурда жойлашган арзон авиаташувчи Jetstar Asia 2025 йил июл ойи охирида ўз фаолиятини тўхтатади. Авиакомпания қарорига кўра, ёпилишдан жабрланган йўловчиларга тўлиқ пул қайтарилади.

Jetstar kompaniya

Компания юқори миқдордаги етказиб берувчи харажатлари, аэропорт тўловлари ва минтақавий рақобатнинг кучайиши туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келди. 500 нафардан ортиқ ходим ишдан бўшатилиши кутилмоқда.

Jetstar Asiaнинг ёпилиши Австралиядаги Jetstar Airways ёки Япониядаги Jetstar Japan фаолиятига таъсир қилмайди. Бу ҳақда Qantas авиагуруҳи — Jetstar Asiaнинг ҳаммуассиси — маълум қилди.

Келаси ҳафталарда парвозлар сони босқичма-босқич қисқартирилади. 31 июлдан кейинги парвозлар учун чипта олган йўловчилар билан алоҳида боғланилади. Айрим мижозлар Qantas гуруҳига тегишли алтернатив рейсларга ўтказилиши мумкин. Бошқа провайдерлар орқали чипта олганлар эса тегишли манбаларга мурожаат қилиши лозим.

Jetstar Asia томонидан Сингапурдан Малайзия, Индонезия ва Филиппинга амалга оширилаётган 16 та рейс бекор қилинади. Ёпилиш орқали Qantas 500 млн австралия долларини (қарийб 326 млн АҚШ доллари) самолёт паркини янгилашга сарфлаши режалаштирилган.

Авиакомпания 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, 20 йил давомида фаолият юритди. Жорий молиявий йилда 35 млн австралия доллари миқдорида зарар кўрилиши кутилмоқда. Компаниянинг 51 фоизи Сингапурдаги Westbrook Investmentsга, қолгани эса Qantasга тегишли.

Ёпилиш қарори мижозлар орасида афсус уйғотди. Компания эса барча ишчи-ходимлар учун компенсация ва янги иш жойи топишда ёрдам беришини ваъда қилмоқда.