Мирзиёев халқаро форумда Ўзбекистоннинг инвестиция сиёсатини белгилаб берди

11.06.2025 08:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Тошкентда бўлиб ўтган IV Халқаро инвестиция форумида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг инвестициявий сиёсатини белгилаб берди. У халқаро ҳамкорлар билан иқтисодий трансформациянинг тўрт асосий йўналишини эълон қилди.

Prezident shm

Мирзиёев Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида ташкил этилган форумда сўзга чиқар экан, глобал геосиёсий беқарорлик, молиявий танқислик ва Жаҳон ЯИМ ўсишининг секинлашуви шароитида инвестициялар нафақат иқтисодий ўсиш, балки тинчлик ва барқарорлик омили эканини таъкидлади.

Президент жорий йилда инвестициялар ҳажми 35 млрд доллар, экспорт эса 27 млрд долларга етганини қайд этди. Сўнгги 8 йилда ЯИМ икки баробар ошган. 2030 йилгача мақсад — 200 млрд долларлик иқтисодиётга эришиш. Ўзбекистон S&P агентлиги томонидан суверен рейтингда «мустаҳкам»дан «ижобий»га кўтарилди.

Президент томонидан эълон қилинган тўрт стратегик йўналиш шулардан иборат:

«Яшил» иқтисодиётга ўтиш. Қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш 82 млрд kWhʼга етди. 5 йил ичида бу кўрсаткич 120 млрдга, «яшил» энергия улуши эса 54 фоизгача кўтарилади.

Рақамли трансформация ва сунъий интеллект. 2025 йилда IT-экспорт 1 млрд долларга етиши, 2030 йилда эса 5 млрд долларга чиқиши режалаштирилган. Миллий AI-модел яратилади, 20 та дата-марказ фаолият бошлайди.

Молия тизими ислоҳотлари. ХВФ ва Жаҳон банки билан биргаликда баҳолаш ўтказилди, финтех ва киберхавфсизлик платформалари йўлга қўйилди. Венчур инвестициялар ўсмоқда, 2 стартап 1 млрд долларлик чегарани босиб ўтди.

Минерал ресурсларга талаб ва имкониятлар. Литий, графит ва вольфрам захиралари 3 трлн доллар деб баҳоланмоқда. «Металлар келажаги» технопарклари ташкил этилмоқда.

Шунингдек, Президент инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида миллий инвестиция жамғармаси (активлари 2 млрд доллар) тузилганини, 29 та йирик давлат корхонаси хусусийлаштирилишини ва IPO орқали халқаро бозорга чиқиш режалаштирилганини маълум қилди.

Логистикага катта эътибор қаратилиб, 4 аэропорт хусусий секторга берилган. Яқин йилларда яна 4 та аэропорт бўйича тендерлар ўтказилади. Тошкент яқинида 2 млн аҳолига мўлжалланган «Янги Тошкент» шаҳри қурилади.

Хулоса қилиб, Мирзиёев Ўзбекистонни «инвесторлар учун катта имкониятлар мамлакати» деб атади ва барча хорижий сармоядорларга тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.