Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) томонидан молиялаштириладиган лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикасида 328 км ва Хоразм вилоятида 188 км йўл тўлиқ таъмирланади. Лойиҳа айни пайтдаги йўл инфратузилмасини яхшилаш ва аҳоли учун қулай ҳаракатланиш шароитини яратишга қаратилган.
Тегишли келишув Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов ва ОИИБнинг инвестиция блоки раҳбари Константин Лимитовский бошчилигидаги делегация иштирокидаги музокаралар давомида эришилди.
Учрашувда томонлар мазкур лойиҳанинг техник ва молиявий жиҳатларини муҳокама қилди ҳамда лойиҳани тез фурсатда амалга ошириш бўйича келишиб олди. Таъкидланишича, банк томонидан тақдим этиладиган маблағлар халқаро стандартларга мувофиқ равишда ўзлаштирилади.
Мазкур ҳамкорлик банкнинг Ўзбекистон инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган устувор стратегиясининг бир қисмидир. Лойиҳа амалга ошса, йўл тармоғи сифатининг яхшиланиши ҳудудий алоқалар ва иқтисодий фаолликка ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.