Ўзбекистон ва БАА 20 млрд долларлик лойиҳалар портфелини янада кенгайтиради

11.06.2025 17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев БАА делегацияси билан учрашувда икки томонлама стратегик ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Томонлар энергетика, логистика ва қишлоқ хўжалиги каби муҳим соҳалардаги йирик лойиҳаларни жадал илгари суришга келишиб олди.

Uzb uae

Тошкентда хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши доирасида Президент Шавкат Мирзиёев БААнинг энергетика ва инфратузилма вазири Сухайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда AMEA Power, Etihad Water & Electricity, TAQA, AD Ports ва Masdar каби етакчи компания раҳбарлари иштирок этди.

Сухайл ал-Мазруий БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, Бош вазир ва Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рашид, вице-президент Шайх Мансур бин Зоид ҳамда Абу-Даби валиаҳди Шайх Холид бин Муҳаммад номидан самимий салом ва тилакларни етказди.

Музокараларда 2025 йил бошида Президент Мирзиёевнинг БААга қилган расмий ташрифи натижалари асосида эришилган келишувларнинг амалиётда бажарилиши атрофлича муҳокама қилинди. Мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик изчил ривожланаётгани, товар айирбошлаш ҳажми ва инвестиция фаоллиги ошиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Айни пайтда Амирликлар компаниялари иштирокидаги қўшма лойиҳалар портфели 20 млрд доллардан ошиб кетган. Тошкентдаги IV Халқаро инвестиция форумида муҳим соҳалар бўйича қатор янги битимлар имзолангани маълум қилинди.

Учрашув якунида энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, таълим, шаҳарсозлик ва сув таъминоти йўналишларидаги йирик инвестиция лойиҳаларини тезкор илгари суриш бўйича келишувга эришилди.