Ўзбекистонда ички авиақатновлар сони оширилмоқда

11.06.2025 21:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Июн охиридан бошлаб мамлакат ичида янги йўналишлар бўйича рейслар йўлга қўйилиши орқали туризм марказлари ўртасида қатнов анча қулайлашади.

Centrum

Centrum Air авиакомпанияси июн ойи охиридан бошлаб Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳарлари ўртасида янги мунтазам ички парвозларни амалга оширишни бошлайди. Янги рейслар Самарқанд — Урганч, Бухоро — Урганч, Самарқанд — Бухоро ва Бухоро — Тошкент йўналишларини қамраб олади.

Авиақатновлар тармоғини кенгайтириш орқали мамлакатдаги тарихий ва сайёҳлик аҳамиятига эга шаҳарлар ўртасидаги саёҳат вақтини қисқартириш, транспорт боғлиқлигини яхшилаш кўзда тутилган. Бу, айниқса, ички туризмни фаоллаштириш ва ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш учун муҳим қадам ҳисобланади.

Centrum Airр бу орқали ички парвозлар бозорида ўз улушини ошириш, айниқса, маҳаллий йўловчилар ва хорижлик сайёҳлар учун қулай шарт-шароит яратишни мақсад қилган. Йўналишлар тўғридан-тўғри ва қисқа вақтли бўлгани боис, уларга талаб юқори бўлиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва ички алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Янги йўналишлар шу саъй-ҳаракатлар доирасидаги навбатдаги амалий натикадир.

Мутасаддилар бу борадаги ишлар давом эттирилишини ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарлари ўртасида ҳам қўшимча рейслар ташкил этилишини маълум қилган.