2025 йил 9 июнда Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбари томонидан қабул қилинган буйруқ билан Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик хизматларининг миллий стандартига янги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу янгилик 15 апрелдаги Президент қарори (ПҚ-142-сон) талабларини амалга оширишга қаратилган.
Янги тартибга мувофиқ, кўчмас мулк объектларининг савдосини ташкил қилишда савдолар ташкилотчиси сифатида мол эгаси, мулкий ҳуқуқ соҳиби ёки махсус ташкилот қатнашиши мумкин. Бундай ташкилотлар тегишли шартнома асосида мулкдор номидан ёки ўз номидан ҳаракат қилади, деб ёзмоқда Norma.uz.
Шунингдек, давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар, ёки уларга қарашли корхоналарнинг кўчмас мулки энди фақат «E-auksion» платформасида электрон аукцион орқали сотилади. Фақатгина айрим ҳолларда — агар аукционда сотилмаган мол-мулк банк балансига қарздорлик сўндириш тарзида ўтказилган бўлса — у бозор нархида тўғридан-тўғри сотилиши мумкин.
Янги тартибда яна бир муҳим жиҳат белгиланган: қонунбузарликлар билан ўтказилган аукцион ёки танловлар манфаатдор шахс аризасига кўра суд орқали ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бу эса ғолиб билан тузилган шартноманинг ҳам ҳақиқий эмаслигига олиб келади.
Янгиланган стандартлар кўчмас мулк савдосининг шаффофлигини таъминлаш, давлат мол-мулкидан самарали фойдаланиш ва электрон савдо механизмларини кучайтиришни мақсад қилади.