Унинг сўзларини келтираётган Associated Pressʼга кўра, мазкур ташаббус орқали АҚШ қурол-аслаҳани ўз мудофаа компанияларидан харид қилиб, Украинага юбориб келаётган эди.
Ҳегсетнинг таъкидлашича, Доналд Трамп маъмурияти Россия ва Украина ўртасидаги урушга бутунлай бошқача ёндашувда.
«Бизча, тинчликка музокаралар орқали эришиш ҳар икки тараф, шунингдек, АҚШнинг ҳам манфаатларига мос келади. Айниқса, жаҳон миқёсидаги кўплаб хавфлар мавжуд экан, бу ёндашув муҳим», — деди вазир.
Маълумотларга кўра, АҚШ уруш бошланганидан бери Украинага 66 млрд доллардан ортиқ ёрдам кўрсатган. Бироқ янги маъмурият ҳокимиятга келганидан бери янги ҳарбий ёрдам пакетлари тасдиқланмаган.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги вакили Георгий Тихийнинг маълум қилишича, мамлакат ҳозирча АҚШнинг аввалги маъмурияти ажратган қуроллардан фойдаланмоқда. Шу билан бирга, Киев айниқса Patriot ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимларини харид қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Президент Володимир Зеленский АҚШдан 10 дона Patriot сотиб олишга тайёр эканини айтган, уларнинг баҳоси тахминан 15 млрд долларни ташкил этади.
Германия Мудофаа вазирлигидаги қурол етказиб беришга масъул генерал-майор Кристиан Фройдинг эса Европа АҚШсиз ҳам Украинага ёрдам бериш салоҳиятига эга эканини айтди. Бироқ у аниқ ахборот, ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари ва Америка қуролларига мос эҳтиёт қисмлар бўйича етишмовчилик борлигини таъкидлади.
Трамп маъмурияти энди НАТО иттифоқчиларига Киевга ўз захираларидан Patriot беришни тавсия қилмоқда. Аммо АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг тан олишича, бу тизимлар захираси кам ва иттифоқчи давлатлар уларни беришни хоҳламайди.