Полшада Россияга ҳам, Украинага ҳам қарши сиёсатчи президент бўлди

11.06.2025 14:40 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил август ойида Польша президенти лавозимини расман қабул қилиши кутилган Карол Навроцкий мамлакат тарихидаги энг ғайриоддий сиёсатчилардан бири сифатида қаралмоқда. Унинг ўзи ҳақида «мен қон ва суякдан яратилган инсонман» деган ибораси билан машҳур бўлиб, сайловолди кампанияси давомида ўзини оддий халқ ва айниқса, консерватив қишлоқ аҳолисига яқин қилиб кўрсата олди.

Polsha prezidenti

Навроцкий — тарихчи, музей ходими, собиқ футболчи ва боксчи. Унинг анъанавий сиёсий элитага кирмаганлиги, балки халқ орасидаги «ўз одами» сифатида қабул қилиниши унга сиёсий баландликка олиб чиқди. Унинг Гданскдаги оғир ҳаёт шароити, спорт орқали тарбия ва университетда таълим олиши ҳақидаги маълумотлар омма билан яқинликни мустаҳкамлаган.

У вақтида Полша Миллий хотира институтига раҳбарлик қилган. Ушбу лавозимда тарихий сиёсат ва миллий хавфсизлик масалаларида қатъий позицияси билан танилган. Ҳозирда Навроцкийнинг Россия ва Украинага нисбатан танқидий муносабати борлиги таъкидланмоқда. У ўз сиёсий нутқларида Полша суверенитети ва миллий қадриятларни биринчи ўринга қўяётганини алоҳида уқтирган.

Жисмоний қуввати ҳам сайлов кампаниясида муҳим рол ўйнади: Навроцкий омма олдида жисмоний машқ қилади, музлатгич кўтаради ва спортга бўлган қизиқишини намоён қилади. У ўз сўзлари ва ҳаракатлари билан «ҳақиқий инсон» образини ярата олди.

Карол Навроцкий расман 6 август куни президентлик қасамёдни қилади. Унинг сиёсатдаги биринчи қадамлари Полша ташқи сиёсатининг янги йўналишларини белгилаб бериши мумкин.