«Президент губернаторни четлаб буйруқ бера олмайди» — экспертлар Трамп нимани кўзлаётгани ҳақида

11.06.2025 16:15 | 14 дақиқада ўқилади.

Лос Анжелесда комендантлик соати жорий қилинди — шаҳар Трампнинг депортация ва миграция сиёсатига қарши бир ҳафтадан бери тўхтамаётган оммавий норозилик намойишларини жиловлай олмаяпти. Намойишлар полиция ва армия билан тўқнашувларга айланиб кетди, Калифорния губернатори эса Трамп устидан судга берди.

Los angeles

Трамп эса 1992 йилдан бери илк бор Калифорнияга денгиз пиёда аскарларини юборди. «Точка» нашри бу масалада юрист ва Америка бўйича мутахассис билан Трамп ҳаракатларининг қонунийлиги ва оқибатларини муҳокама қилди.

— Трамп қўшин киритишга ҳақлими?

Александра Филиппенко, Америка бўйича мутахассис: — АҚШ қонунчилигида президент қандай ҳолатларда Миллий гвардияни жалб қилиши мумкинлиги аниқ кўрсатилган — учта асос бор. Биринчи — хорижий давлатнинг бостириб кириши (бу ҳолатга тўғри келмайди). Иккинчи — федерал ҳокимиятга қарши исён ёки шундай хавфнинг мавжудлиги. Учинчи — федерал қонунлар ижросини бошқа воситалар билан таъминлаш имкони йўқлиги.

Трамп маъмурияти иккинчи асосга — «федерал ҳокимиятга қарши исён»га таяниб ҳаракат қилмоқда. Уларга кўра, Калифорнияда маҳаллий аҳоли ноқонуний мигрантларни қўлга олишга тўсқинлик қилгани айнан шундай исён сифатида баҳоланмоқда. Улар буни АҚШ қонунлари тўпламидаги 10-код (Code 10) асосида расмийлаштирмоқчи.

Бироқ бу талқин нечоғлик ҳаққоний экани ҳақида сўнгги сўзни суд айтади. Шу боис Калифорния губернатори Гэвин Нюсом ва штат бош прокурори даъво аризаси киритган. Уларга кўра, бу — исён эмас, балки АҚШ Конституциясининг биринчи тузатишида кўрсатилган сўз эркинлиги ва тинч норозилик ҳуқуқининг амалий ифодаси. Ахир одамлар давлатга ҳужум қилмаган, балки ўз қариндош ва қўшниларини ҳимоя қилиш учун тинч йўл билан тўсиқ қилиб турган.

Калифорния раҳбариятининг сўзларига кўра, штатда ҳеч қандай бегона юртнинг бостириб кириши, исён ёки ҳокимият бўшлиғи кузатилмаяпти. Демак, федерал аралашув учун ҳуқуқий асос мавжуд эмас.

 

Игор Слабих, юрист: — Ҳозир масала судда кўриб чиқиляпти. Губернатор Нюсом ва бош прокурорнинг даъвосида федерализация тартиби бузилгани, губернатор хабардор қилинмагани ва қарор қабул қилишга жалб этилмагани қайд этилган. Бу — тартибга зид.

Алоҳида муаммо — денгиз пиёда аскарлари билан боғлиқ. Улар Миллий гвардиядан фарқли ўлароқ, федерал ҳарбий хизматчилар бўлиб, АҚШда XIX асрдан бери амалда бўлган қонунга кўра, мамлакат ичкарисида фуқароларга қарши армия қўлланилиши тақиқланган. Бундан фақат бир ҳолат мустасно — президент расман мамлакатда исён эълон қилганда. Аммо, шахсан менинг фикримча, Лос Анжелесдаги норозилик акциялари исён даражасига етмаган. Ҳатто 2021 йил 6 январдаги Капитолий босиб олиниши ҳам кўп ҳолларда расман исён деб баҳоланмаган. Шунинг учун бу вазиятда маъмуриятнинг ҳуқуқий позицияси заиф, деб ўйлайман. Суд нима дейишини кутамиз.

— Агар суд Трамп ваколатни оширди ёки губернатор айбловини асосли деб топса, нима бўлади?

Александра Филиппенко: — Назарий жиҳатдан импичмент ҳақида гапириш мумкин, лекин Конгрессда бу учун етарли овоз йўқ. Бошқа жазо механизмлари йўқ. Агар суд (апелляциялардан кейин ҳам) маъмуриятга қарши қарор чиқарса, Трамп Миллий гвардияни олиб чиқишига тўғри келади. Балки ярашув сифатида Калифорнияга қўшимча федерал маблағ ажратилиши мумкин.

Бу ҳолда Гэвин Нюсом нафақат сиёсий, балки эҳтимолий Демократик партиянинг президентлик номзоди сифатида ҳам ютуққа эришади. Унинг рейтинги анча ошиши мумкин. Лекин буларнинг ҳаммаси — суд қароридан кейин. Агар Трамп судда ютқазиб, қарорга бўйсунмаса, унда вазият оғирлашади — янги импичмент масаласи кун тартибига чиқиши мумкин. Аммо агар қарорга итоат қилса, барча масала санкциясиз якун топади.

Игор Слабих: — Агар суд қонун бузилган, деб топса, бу зудлик билан оқибат бермайди. Барча инстанциялардан ўтади, шу жумладан, Олий суддан ҳам. Аввало, вақтинчалик чора сифатида президент фармонини тўхтатиб туриш ҳақида қарор чиқарилиши мумкин. Бунинг ўзи ҳам Олий судгача етиши эҳтимолдан холи эмас. Кейин ишнинг моҳияти бўйича кўриб чиқиш бошланади.

Тасаввур қилайлик, суд федерализация қонуний эмас, деган қарор чиқарди ва расмий тақиқ эълон қилди. Кейин нима бўлади? Бу қарор президентдан ташқари, мудофаа вазири, Адлия вазирлиги ва Миллий гвардия раҳбариятига ҳам юборилади. Ҳатто президент қарорни эътиборсиз қолдирмоқчи бўлса ҳам, штат ҳокимияти ва гвардия қўмондонлиги, эҳтимол, қарорга амал қилади. Президент губернаторни четлаб буйруқ бера олмайди.

Шунинг учун амалда суд қарорини бажариш мумкин. Агар федерал ҳокимият қаршилик қилса ҳам, суднинг Калифорния штатининг ўз тузилмалари орқали таъсир ўтказиш имкони бор. Шу сабабли бу қарорни четлаб ўтиш жуда қийин бўлади.

— Нега Трамп депортацияга шунчалик ёпишиб олган? Унинг стратегияси нима?

Александра Филиппенко: — Май ойида Трампнинг маслаҳатчиси Стивен Миллер иммиграция хизмати раҳбарлари билан учрашувда президент депортация суръатидан норози эканини айтди. Трамп ўзининг илк президентлик йилида 1 млн ноқонуний мигрантни чиқариб юборишга ваъда берган эди. Бу фақат энг паст баҳолашларда 11 млн, ўз маъмурияти баёнотига кўра эса 22 млн ноқонуний мигрант яшайдиган мамлакатда.

Калифорния — АҚШда энг кўп мигрант яшайдиган штат, у ерда аҳолининг 27 фоизи мигрантлардан иборат. Қўлга олишлар қандайдир устуворликсиз, яъни «фонар остида» — кўзга кўринган жойлардан бошлангач, қаттиқ қаршиликка учради. Чунки ушбу инсонларнинг кўпчилиги АҚШда ўнлаб йиллардан бери яшайди, меҳнат қилади, касаба уюшмаларида иштирок этади, АҚШ фуқароси бўлган фарзандлари бор.

Трамп аввало жиноий элементларни депортация қилишни ваъда қилган. Аммо амалиётда қурилиш, меҳмонхона, ресторан ходимлари — яъни, жамиятга интеграциялашган кишилар қўлга олинмоқда. Калифорнияда бу фаол қаршиликка сабаб бўлди — одамлар тўсиқка туриб, ҳибсга олишга халақит беришди.

Игор Слабих: — Трамп сайловларга оммавий депортациялар шиори билан кирган. У АҚШ тарихидаги энг йирик депортацияларни амалга оширишини очиқ айтган. Унинг асосий даъволаридан бири шу эдики, Байден даврида миллионлаб ноқонуний мигрантлар мамлакатни «босиб олди» ва бунга қарши курашиш керак.

Трампнинг даъволарига кўра, ушбу мигрантлар гўёки жиноят содир этади, демократлар эса атайлаб жиноятчилар ва руҳий касалларни чиқариб юборяпти. Улар эса АҚШга қайтиб киради. Сайлов натижаларидан кўринадики, бундай риторика сайловчиларнинг катта қисмига манзур бўлди — Трамп ва Камала Ҳаррис ўртасидаги фарқ бор-йўғи бир неча фоизни ташкил қилди.

Лекин муаммо шундаки, амалий депортация ва қўлга олиш кўрсаткичлари Трамп даврида ҳам Байденникидан фарқ қилмади. Шу боис маъмурият буни тушунтиришга ҳаракат қилмоқда: гўё «бошпана шаҳарлари» уларга тўсқинлик қилмоқда. Буни Ички хавфсизлик вазирлиги раҳбарлари ҳам, чегара масъуллари ҳам бу тўсқинликни такрорлаяпти.

Ҳозирги режа очиқ: аввало қўлга олишлар сонини ошириш, кейин эса ҳақиқий депортацияларни кўпайтириш. Ресурс нуқтайи назаридан — бу расмий асосларсиз эмас. Лекин асосий муаммо шундаки: кўп ҳолатда депортацияга дучор бўлганларга ҳуқуқий ҳимоя ва шикоят қилиш имкони берилмаяпти. Бу ҳуқуқ фаолларининг асосий даъвоси.

Трампнинг стратегик мақсадига келсак — у сигнал юбораяпти. Калифорния — энг йирик, энг бой ва энг «демократик» штат. Трамп Миллий гвардияни айнан шу ерда федерализация қилиб, шундай демоқда: «Мен қўрқмайман. Ҳатто Калифорния билан ҳам тўқнашга тайёрман». Яъни «мен бундай ҳаракатни энг йирик штатда қилаётган бўлсам, қолганлар билан нима қилишимни тасаввур қилинг», деган мужда.

Натижада, жамият яна икки лагерга бўлинди. Трамп тарафдорлари полиция тартиб ўрнатмоқда, деб ҳисоблайди. Танқидчилар эса ҳуқуқ-тартибот идоралари вазиятни ўзи кескинлаштирганини, тинч норозилик ҳуқуқини бузганини айтмоқда. Бу — афсуски, АҚШдаги умумий поляризация тенденциясининг ёрқин аксидир.