Бу қарор телекоммуникация соҳасидаги истеъмолчилар мурожаатларини таҳлил қилиш натижасида қабул қилинди.
Қўмита маълумотларига кўра, 2024 йилда келиб тушган мурожаатларнинг 8,2 фоизи ва жорий йилнинг дастлабки 4 ойидаги 8,9 фоизи айнан телеком хизматларига оид бўлган. Уларнинг асосий қисми Beeline тармоғи билан боғлиқ бўлиб, тариф ошиши, қўшимча хизматларнинг мажбурий уланиши ва ҳисоб-китоб муаммоларига тегишли.
Аниқланишича, айрим тарифларда ойлик абонент тўлови ечила олмаган ҳолатда, абонент розилигисиз автоматик равишда кунлик тўлов (2000 сўм) ечилади. Бунда ушбу хизматни ёқиш ёки ўчириш имкони йўқ, ҳисоб минусга туширилади ва тақдим этилган трафикдан фойдаланиш имконияти берилмайди.
Қўмита ушбу амалиёт истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклаши ва қонунчилик талабларига зид эканини таъкидламоқда.
Хусусан:
• Абонентга хизматни танлаш имкони берилмаяпти;
• Қарзга тўлов ечилмоқда ва рақам блокланмоқда;
• Кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олиниши ҳолати юзага келмоқда.
Шу муносабат билан Қўмита Beeline компаниясига қуйидаги талабларни илгари сурди:
• Кунлик абонент тўлови автоматик ечилмаслиги;
• Абонентга хизматни ихтиёрий танлаш имконини яратиш (масалан, USSD-код орқали);
• Қарзга ечишни чеклаш ва ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида ўз вақтида ахборот бериш.
Қўмита, шунингдек, истеъмолчиларни телекоммуникация хизматларида қонунбузарлик ҳолатларига дуч келган тақдирда мурожаат қилишга чақирмоқда.