Россияда дафн хизматлари бозори кескин ўсди: 4 ойда 40 млрд рубл даромад

11.06.2025 20:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Россияда 2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида дафн хизматлари компаниялари 40 млрд рублга яқин даромад кўрсатди. Муттахассислар бундай ўсишга фронтдаги йўқотишлар, инфляция ва аҳоли ўлими кўпаяётганини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Dafn xizmati

Россияда дафн хизматлари бозорида мислсиз ўсиш қайд этилди. Коммерсант нашри Росстат маълумотларига таяниб ёзишича, январ—апрел ойларида ритуал компаниялари умумий ҳисобда 39,5 млрд рубл даромад қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,7 фоизга кўпдир.

Энг юқори даромад Санкт Петербургда қайд этилган — 3,7 млрд рубл. Ундан сўнг Москва области (3,2 млрд), Краснодар ўлкаси (1,9 млрд), Татаристон ва Свердловск областлари келмоқда — ҳар бири 1,1 млрд рублга яқин.

Ритуал хизматлар соҳасидаги ўсишнинг асосий сабаблари сифатида мамлакатдаги инфляция (йиллик 10,2 фоиз) ва ўлим ҳолатларининг кўпайиши кўрсатилмоқда. Росстат маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида 662,7 минг киши вафот этган. Бу ўтган йилга нисбатан 4,5 фоизга кўп.

Шу билан бирга, тобут ясаш ва қабр қазиш хизматлари сезиларли қимматлашган. Масалан, тобутнинг нархи ўртача 8,2 минг рублга етган (9 фоизга ошган), қабр қазиш эса 11,6 минг рублгача кўтарилган (14,7 фоизлик ўсиш).

Соҳадаги тажрибали компаниялар инфляция сабаб нархларни ошираётган бўлса, вақтинчалик фирмалар арзонлаштириш билан бозорда ўрин эгаллашга уринаётгани айтилади. Бу вақтда россияликлар анъанавий дафн харажатларини камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, картон тобутларга талаб кескин ортган — улар 1,5–6 минг рубл туради ва экологияга зарари кам, шунингдек, кремация вақтида тез ёниб кетади.

Муттахассислар тан олишича, ритуал хизматлар бозорида катта қисми ҳануз «хуфиёна» ҳисобланади. Бу эса расмий статистикани ҳам тўлиқ акс эттирмаслигини англатади.