Uzreport нашри мухбирининг бу воқеага муносабати ҳақидаги сўровига жавобан Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов мазкур воқеа юзасидан кечаёқ Россия Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юборилганини маълум қилди. Унга кўра, Москвадаги элчихона ходимлари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан йўл қўйилган ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилган.
Аҳрор Бурҳонов сўзларига кўра, ҳозирда Россияда тахминан 1 миллионга яқин ўзбекистонлик муҳожир меҳнат қилмоқда. Бу кўрсаткич аввалги йилларда 4–5 миллион атрофида бўлган. Камайишнинг аниқ сабаблари айтилмаган бўлса-да, бу рақам миграция жараёнидаги кескин ўзгаришдан дарак беради.
Россия Ички ишлар вазирлигининг 2025 йил бошига оид расмий маълумотига кўра, мамлакатда 1,2 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси рўйхатдан ўтган ҳолда яшамоқда. Бу умумий миграцион оқим ҳажмига нисбатан камликни кўрсатади.
Мазкур воқеа фонида меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқий ҳимояси ва уларнинг хавфсизлик шароити яна бир бор кун тартибига чиқди. Расмийлар томонидан масалага ҳуқуқий баҳо берилиши ва муҳожирлар манфаатлари таъминланиши кутилмоқда.