Низомга кўра, жисмоний шахслар томонидан қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари фотосурат ёки видеоёзув шаклида Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги инспекцияга «v-nadzor.gov.uz» сайти орқали 48 соат ичида юборилиши керак. Видеоматериаллар 120 сониядан ошмаслиги лозим.
Материалларда қонунбузарлик, уни содир этган шахс ҳақидаги маълумот (агар мавжуд бўлса), шунингдек манзил, сана ва вақт акс этган бўлиши шарт. Инспекция бу маълумотларни 10 кун ичида кўриб чиқади.
Агар қонунбузарлик биринчи марта содир этилган бўлса, ҳуқуқбузарга махсус тавсиялар юборилади. Аммо 1 йил ичида қоидабузарлик такрорланса, Маъмурий жавобгарлик кодексига мувофиқ жарима солинади.
Энг муҳим янгилик шундаки, ҳуқуқбузардан ундирилган жарима суммасининг 25 фоизи мазкур ҳолатни фош этган шахсга пул мукофоти сифатида тўлаб берилади. Мукофот жарима ундирилган кундан бошлаб 15 кун ичида амалга оширилади.